Алимент – онанинг эмас, боланинг пули

photo: http://mudrosti.ucoz.ru
 
Оила қуриб, қонуний никоҳдан ўтиш мақсадида ариза билан мурожаат этувчиларнинг ҳар бирига албатта, оила муқаддаслиги, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, айниқса туғилажак фарзандлар келажаги учун масъуллик ҳақида кенг тушунчалар берилади. Афсуски, турли сабабларга кўра, оила қурган ёшларнинг ҳаммаси ҳам бир умрга бахтли бўлиб кетишолмайди. Энг ачинарлиси, кўпинча бундай ҳолатларда бир ёки бир неча фарзанди билан ота уйига қайтган оналар моддий жиҳатдан қийналишади. Ноилож, алимент масаласида судга мурожаат қилишга мажбур бўлишади. Лекин алиментчи ота томонидан ўз вақтида тўлов амалга оширилмайди ёки у ҳақиқий даромадларини яширади, ишсизлигини баҳона қилиб, алимент миқдорини камайтиришга уринади.
Гоҳо эса, келин моддий жиҳатдан бақувват бўлган оиланинг қизи бўлгани ҳолда эри томонга паст кетмаслик учун алимент олишдан воз кечади. Болани отасига кўрсатмаслик каби мақсадларда таъминоти учун бериладиган алиментни рад этади.
Хўш, бу икки ҳолатга қонун қандай қарайди?
- Эътибор берилса, ҳар икки ҳолатда ҳам аслида биринчи навбатда инсон,  яъни бола ҳуқуқлари масаласи туради, - дейди Тўрақўрғон ФҲДЁ бўлими мудири Феруза Хакимова. - Шунинг учун ота алимент тўлашдан бош тортадими ёки она алимент олишни рад этадими, бола ҳуқуқлари бузилган хисобланади. Ҳар икки ҳаракат мақсадга номувофиқ ва ноқонунийдир.
Фуқаролик қонунчилигига биноан, она боланинг қонуний вакили хисобланади ва унга муносиб ҳаётни таъминлаб бериши шарт.Бинобарин, отанинг зиммасида ҳам шундай мажбурият бор. Оила кодексининг 113-моддасига кўра, агар суд ота-онанинг мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаганлигини аниқласа, болалар ўзларининг ота-оналарига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилиниши мумкин. Шундай экан, биргина суд қарори асосида алиментни мажбурий тўлаш тўловчининг инсофли ота ва таъминот олишга даъвогар мақомини тан олиши учун етарли эмас. Аслида «Болани тарбиялаш ва унга ғамхўрлик қилиш” тушунчасининг ўзига суд қарорига асосан пул тўлашдан кўра кўпроқ нарса, яъни маънавий-ахлоқий, баркамол тарбия, унинг ҳаётида иштирок этиш каби нарсалар киради.
Бундан ташқари алиментни рад этиш бола билан боғлиқ юридик алоқаларни узмайди. Отани бола ҳаётидан бутунлай йўқолиб ғойиб бўлишини кафолатламайди. Дейлик, давлатдан ташқарига чиқиш учун болага биометрик паспорт ёки бошқа хужжатларни расмийлаштиришдан бош тортишга ҳаққи йўқ. Умуман олганда, қонунчиликда алиментдан бош тортиш мутлақо кўзда тутилмаган.
 Алимент миқдорига келсак, эрнинг ишлаш-ишламаслиги, даромадини яшириш-яширмаслигидан қатъий назар қонун белгилаган миқдорда тўлов ундирилади.
Аниқроғи, бир нафар болага ота ёки онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ёки бошқа даромадининг 1/4 қисми, икки болага 1/3 қисми, уч ва ундан кўп бола учун 1/2 қисми миқдорида алимент белгиланади. Асосийси, бунда ҳар бир болага тўланадиган алимент миқдори 1/3 энг кам иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак. Тўлов ихтиёрий равишда ёҳуд суд орқали амалга оширилади.
Демак, ҳар бир ота-она алимент масаласида айтиб ўтилган мажбуриятини ёдда тутгани маъқул. Шу ўринда алимент олишни рад этувчи оналарга бунинг фарзанд хуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ барча ижобий ва салбий жиҳатларни уйлаб йўл тутишни, алимент тўлашдан бош тортиб, қочиб юрган оталарга эса сиз берадиган пуллар собиқ хотинингиз бўлган аёлнинг, онанинг эмас, балки боланинг ҳаққи эканини ёддан чиқармасликни маслаҳат берамиз! Зотан, бола учун алимент тўламаслик унинг ҳуқуқларини бузиш билан баровар.
Шаҳзода АКБАРОВА

Биз Twitterда