"Афсоналар водийси" парки амфитеатрида Ёшлар куни катта тантана қилинди

 
Наманган шаҳридаги “Афсоналар водийси” тематик паркининг амфитеатрида 30 июнь - Ёшлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанали тадбир, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшларига байрам табригини ўқиб бериши билан бошланди.
 
 
Шундан сўнг Ўзбекистон Президенти Қарори билан юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фидойи ва мард ўғлонлар қаторида «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланган Наманган вилояти вакиллари – Косонсой туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг каратэ бўйича мураббийи Муҳаммадсиддиқ Абдумуталов ва Норин туманидаги «Омадбек бўстони» фермер хўжалиги бошлиғи Темурбек Мўминовга совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилди.
 
 
Адабиёт, санъат, спорт ва бошқа йўналишларда йил давомида турли ютуқларни қўлга киритган иқтидорли ёшларга, шунингдек вилоят ижтимоий ҳаётида фаоллик кўрсатиб келаётган ёшлар вакилларига вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари  Қаҳрамон Юлдашев диплом ва қимматбаҳо совғаларни тантанали равишда топширдилар.
 
 
Икки кун аввал “Ватан келажаги сенинг қўлингда” шиори остида бўлиб ўтган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида вилоят ҳокими томонидан ёшлар иттифоқи вилоят кенгашига автобус совға қилиш ваъдаси берилганди. Бугунги тадбирда вилоят кенгашига ваъда қилинган автобус топширилди.
 
 
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бир қатор ташкилотлар ҳамда ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда ўтказилган “Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича энг намунали туман (шаҳар) ҳокими” танловининг мамлакат босқичи ғолиблари бўлган Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдуразақов ва Тўрақўрғон тумани ҳокими Ғуломжон Муродхўжаев диплом ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг рамзий мукофоти билан тақдирландилар.
 
 
Тантанали тадбирда Ниҳол давлат мукофоти совриндори Гуласал Абдуллаева, истеъдодли хонандалар Хуршид Расулов ва Баҳриддин Зуҳриддинов, рэп хонандаси Шаҳриёр ижросидаги куй-қўшиқлар, вилоят ёш  санъаткорларининг чиқишлари йиғилганлар кайфиятига кўтаринки руҳ бағишлади.
 
 
Расмлар муаллифи: Тоҳиржон Турсунов

Биз Twitterда