"ЮРАГИМНИНГ АРДОҒИСАН, ЖОН АНДИЖОНИМ..."

Article

Қизиқ ишлар бўлаяпти, ажаб... Бир ёш ўсмир йигит, Қорқиз кийимида шаҳар айланади, бошқаси унга гап отади, орада чучмал гап болалайди-да, оқибатда жондўст икки вилоятнинг йигитлари виртуал даҳанаки жангни бошлаб юборадилар. Уларнинг хурмача қилиқларини кўриб, беихтиёр Ўзбекистон халқ артисти, улуғ ҳофиз Маъмуржон Тўхтасинов ижросидаги машҳур ашула ёдга тушади:

 

Бу дунёнинг бағри кенг,
Марғилонга кетаман.
Меҳр излаб топмасам,
Андижонга кетаман...
Умр қисқа ишим кўп,
Ёв қўлида бўлса чўп,
Бобур Мирзо сингари,
Ҳиндистонга кетаман...

Шу мавзуда гап кетар экан, яна бир эслатма. “Ниҳол” давлат мукофоти совриндори Дилноза Акбарованинг “Андижоним” номли қўшиғи бор. Вақти-вақти билан шу қўшиқни эшитиб тураман. Бу қўшиқ одамга кайфият улашади, кейин киши қалбига хуш ёқадиган мусиқаси, навозанданинг ҳазин овози бор. Кеча ва бугун негадир шу ҳақда кўп ўйладим. Қўшиқни тингларкан, мен наинки Андижон, она юртим Наманган, она шаҳрим Чортоқ ҳақида ўйлайман, умуман Ватанпарварлик ҳисси вужудни қамрайди. Чунки, Наманган фарзанди Камолиддин Раҳимов жўшиб куйлаганидек, охир-оқибат “Мани борар жойим, ўшал Намангон...” Бироқ гап фақат шугина эмас-да...

Сўнгги кунларда турли видеопорталларда, ижтимоий нармоқларда бу икки вилоятнинг созу носози ўзаро “разборка”га киришганига гувоҳ бўларкан, Чустий домла “Индамаслар олами” (Мавлоно Чустий ибораси) да туриб жунбушга келгандек, Чўлпон ҳазратлари денгиз эмас, бўтанага айланишга тушган бир ҳовуч касларга боқиб, қабрда ётган жойида инграниб тургандек туюлди. Боз устига, беъманиликнинг видеожанжал “жанри”ни “гуллатаётган”ларнинг қўполдан қўпол сўзларию, бир-бирига лойиқ кўраётган истаклари ҳар қандай эс-ҳушли одамни бир сескантириши аниқ. Шундай қилиб, биз қаёққа кетаяпмиз? Кимларнинг ноғорасига ўйнаб, тегирмонига сув қуяпмиз?..

Бугун ҳамма ақлли. Чет элларда пусиб ётган аллақандай душманларимиз ҳақида гапиришга устамиз. Аммо бир масалда айтилганидек, “Ёғочнинг бўшини қурт ейди доим” деган нақлни унутмаслигимиз керак.

Қаранг, бугун давлат миқёсида қандай ишлар амалга оширилаяпти. Буюк қурилишлар, жуда йирик ислоҳотлар шабадаси бутун Ўзбекистонни қамраб олди. Халқимиз зўр азму шижоат билан келажак бунёдкори бўлиб, ўз тақдирини қучоқ очиб қарши олаяпти. Ёш-ёш йигит-қизларимиз жаҳон бозорларига йўл олиб, савдо-сотиқ бўйича, дунё бозорида мавқе эгаллаш йўлида дадил қадамлар ташлаяпти. Азал-азалдан Буюк ипак йўли марказида умргузаронлик қилган ва қон-қонига тадбиркорлик, омилкорлик сингиб кетган бу халқ эндиликда юз йилларча аввал тарк этганига, аниқроғи, тарихий шароит туфайли ихтиёрий-мажбурий равишда тарк этганига – жаҳон бозорига, дунё миқёсидаги савдо-сотиқ жабҳасига яна қайтмоқда. Шаҳд билан, қўйни-қўнжини мева-чеваю ипакка, технология-ю ноёб ишланмаларга тўлдириб кўҳна дунё бозорларига отланган ўзбек боласини кўриб, беихтиёр ворисийлик тамойили, аждодлар ва авлодлар узвийлиги ҳақидаги генетик хулосалар ҳақиқат эканига амин бўламиз. Аммо...

Шундай бир пайтда вужудидан тарёк (тамаки, чилим, ва ҳ.к) иси анқиётган, шу аҳволини реклама қилишдан уялмайдиган, туриш-турмуши, гап-сўзи биқиқ йигитларнинг бу тарз ватанпарварлиги нақадар малол келади кишига. Агар Ватанпарвар бўлсангиз, асакалик буюк ҳофиз Шерали Жўраев айтганидек, “келиб, кўнгил чаманини гуллатиб қўйинг”, сўзлашда ҳаё қилинг! Бу Ватанга руҳан майиб-мажруҳ, бировнинг бетайин сўзига кўра, юртдошларига ўзининг “ноёб” тарбиясини кўз-кўз қиладиганлар эмас, ақли бутун, имони саломатлар керак!

Мен Андижонни яхши кўраман! Буюк ҳофизлар, улуғ шоирлар, мард инсонлар, уста деҳқонлар юрти деб биламан. Олтин водий қўйнидаги бир гавҳар, деб биламан. Ҳуснингга кўз тегмасин, Андижоним!  

Ҳаққул Бек

 

Биз Twitterда