ЁЗУВЧИ ХОҲЛАГАНИНИ ЁЗАДИМИ?

Article
Луғавий маъноси “яхши ҳулқ” бўлган Адабиётнинг асл моҳияти, унинг “босма сўз” деган маънони билдирувчи Literature ёки Литературадан  асосий фарқи шундаки, у инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турувчи унсурга - онгга - ижобий йўналишда, ибратомуз  хитоб этиши керак. Ўзбек адабиёти, яъни ОДОБИЁТИ бу – халқимизга тўғри йўлни кўрсатувчи, миллийлигимизни, жамиятимизнинг ўзига хос аҳлоқий принципларини тарғиб этувчи, инсонларимизнинг ўзбек менталитетига хос бўлган орзу-умид ва ички руҳий кечинмаларини ёритувчи, уларга маънавий озиқ берувчи  ҳамда буларнинг пировардида ўзбек халқининг маънавиятини юксалтирувчи ва маданиятини оширувчи воситадир.  Абдулҳамид Чўлпон таъбири билан айтадиган бўлсак, “адабиёт ярадор кўнгилларга руҳ берувчи, қора балчиқларни тозалайдиган  маърифат суви  бўлгани учун ғоят керакдир”.
Бадиий асар, ҳаттоки у агар фантастик жанрда ёзилган бўлса ҳам, инсониятнинг реал муомала жабҳасига асосланган бўлади. Ёзувчи ўз асарларида бераётган воқеликнинг ҳаққонийлиги учун китобхон олдида жавобгардир. У китобхоннинг эътиборини жалб эта олиш ва асарни қизиқарлироқ қилиш учун  учун муболағага қўл уриши, воқеа-ҳодисаларни бўрттириб тасвирлаши, барча ижобий хислатларни бир қаҳрамонда тўплаши ёки бир қаҳрамонни изтироблар ичига отиши мумкин. Лекин асос қилиб олинган сюжет, ижтимоий муносабатлар ҳамда хотима ҳаётда ўз аксини топган бўлиши керак. Чунки инсон ўзи ўқиган китобдан сабоқ олади, уни таҳлил қилади ва ўз ҳаётида китобдаги ижобий қаҳрамонларга ўхшашга, улар каби ҳаракат қилишга, улар босиб ўтган хатоли йўлларни такрорламасликка интилади.
Мустақиллик йилларида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида бўлгани каби, адабиётимизда ҳам сезиларли ижобий ўзгаришлар рўй берди. Эски мажбурий идеология қолипларидан қутулган юртимиз ижодкорларининг асарларида турфалик пайдо бўлди. Янги замон руҳида  битилган, ҳар сатридан эркинлик ҳисси сезилиб турган, ўзлигимизни улуғловчи бадиий адабиёт намуналари китобхонларга тақдим этилди ва этилмоқда. 
Лекин охирги йилларни олиб қарайдиган бўлсак, ўзбек адабиёти, айтиш мумкинки, бироз ўзининг асосий моҳиятидан четга чиқиш воқелигига юз тутди. Ёзувчи кўпайди, лекин фикрлари билан, тасвирлаш кучи билан китобхонни ўзига тортадигани жуда кам. Китоблар кўпайди, лекин баъзилари бир марта ўқигандан кейин, иккинчи марта ўқилиш ўрнига нос ўрагани ишлатила бошланди. Ҳайратланарли ҳол жуда ҳам. Бугунги кундаги эркин ижодий муҳитда қалам тебратаётган ижод аҳлининг бу “ютуқлари” сабаби нимада? 
Ёзувчилик, яъни ижодкорлик бугунги кунга келиб, ўзининг маънавийлик хусусиятини қисман йўқотиб, моддиятга асосланган, пул топиш учун хизмат қиладиган оддий бир касбга айланиб бормоқда. Ёзувчилар илҳом парисига эҳтиёж сезмай қўйганга ўхшайдилар. Режа асосида, фалон муддатда, фалон мавзуда роман ёки ҳикоя ёзаман деб, нашриётлар, оммавий нашрлар билан келишиб иш олиб бормоқдалар. Ҳаттоки асарнинг ҳажмини ҳам белгилаган ҳолда. Натижада бундай асарларни ўқиган китобхон, уларнинг телевизордаги олди-қочди сериаллардан фарқли томонини кўра олмай қолди. Инсоннинг ички туйғуларини қитиқлайдиган, унга севинч ва изтироб онларини эслатадиган, уни боши берк кўчадан олиб чиқиб кета оладиган асарлар ўрнига примитив воқеаларни ҳаётга мос келмайдиган, ўзбек миллий аъаналари, урф-одатлари, жамиятимизнинг ўзига хос хусусиятларига уйғун бўлмаган шаклда ёритган, “экспресс” усулда тайёрланган, ҳа, айнан тайёрланган “ижод намуналари”га тўлиб кетди адабиётимиз бугун. Навоий таъбири билан айтганимизда, “Лафзлари бемаза, таркиби суст, Носара маънию адо нодуруст.” Аҳлоқий тарғибот, келажакка умид бериш, ўқувчининг маънавий онгини ўстириш каби адабиётнинг устивор функцияларининг умуман яқинига йўламайдиган “ўзбек адабиёти дурдоналари” не афсуским, кундан кунга кўпайиб бормоқда.  Гётенинг шундай фикри бор: “Ҳар бир ёзувчи, балкида ўзи ҳам англаб етмаган ҳолда, ўз асарларида маълум даражада ўзини тасвирлайди.” Нима, адабиётни, ўзбек ўқувчисини ҳамиятсиз ҳаваскорларнинг қўлига топшириб қўйишга розимизми?
Манфаат ортидан қувган баъзи нашриётлар, чоп этилаётган китобларнинг аҳлоқий савиясини эътибордан четда қолдириб, ўзбек адабиётининг обрўсини туширмоқдалар. Нашриётларда ва оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган муҳаррирлар чоп этилаётган асарларнинг фақатгина имловий ва грамматик таҳрири билан чекланиб, ўз вазифаларининг асосий моҳиятини, яъни муҳаррир бу жойларда давлат ва жамият манфаатларининг ҳар нарсадан устун бўлишини таъминлашдан жавобгар шахс эканини унутиб қўймоқдалар. Бугунги кунда ишқ саҳналарини тобора кенг, батафсил, икир-чикирлари билан ёритиш ҳолатлари ҳам адабиётда кўпайиб бормоқда. Айниқса, сўнгги пайтларда “эротик адабиёт” (наҳотки одоб-аҳлоқ тарғиботини эротика сўзи билан бирликда ифодалаш мантиққа сиғса?) жанри остида нафақат бизнинг, балки бутун башар аҳлининг қадриятларига, одамийлик тамойилларига тамоман зид келувчи, шайтоний ҳисларнинг кўриниши муносабатларни ёритиш мисоллари ҳам учрамоқда.  Ва биз Ўзбекистон сиёсатида сўз эркинлиги принципларининг устувор эканлиги ҳамда цензура бутунлай олиб ташланганлиги боис, ичимизда туриб, илдизимизга болта ураётган бу “шайтон малайларига” (балкида бу иборанинг ўрнига, “Мустақиллигимизга, эркимизга раҳна солмоқ истаган ташқи кучларнинг ёлланма малайларига” десак ҳам бўларди) қарши қўл-оёғи боғлангандек жим турибмиз.
Бундай “адабий асарлар” муаллифларининг руҳий соғломлиги кишида шубҳа уйғотади ҳаттоки. Нима қонунан тақиқланмаган бўлса, уни қилиш мумкин деган фикрни ўзига шиор қилиб олган бундай “қалам соҳиблари” аҳлоқ-одобни бутунлай эсдан чиқариб юборишганга, жамиятимизнинг тамалини ташкил этувчи урф-одат, анъаналаримизни, қадриятлармизни писанд қилмай қўйишганга ўхшайди.
Бундайларнинг ёзган асарлари нега сотиляпди, ўқиляпди деган савол туғилиши табиий. Бунинг билвосита сабабини  миллий ўзлигимиз ва азалий қадриятларимизга хуруж қилаётганларнинг аста-секин халқимиз баъзи қатламларининг онгини заҳарлаб, унинг маънавий оламини издан чиқариш йўлида қилаётган уринишлари натижаси сифатида кўриш керак. Бевосита сабабларга тўхталадиган бўлсак, кўпчилик адабиёт ихлосмандларининг фикрини жамлаганда, китоб дўконига, кутубхоналарга келган, босма оммавий нашрларда чоп этилган, рекламаси яхши йўлга қўйилган ҳар қандай асар китобхонда қизиқиш уйғотади.  Бундан келиб чиқадики, ўқиган асарининг маънавиятга зарарлилик даражасини китобхон, у асарни ўқиб тугатгандан кейингина англаб етиши мумкин. Агар унинг бу тур хуружларга қарши “антивируси” кучли бўлса, балки, ўз қалби ва онгини бузилишдан сақлаб қолар. Лекин бу ўқувчи ҳали дунёқараши шаклланиб улгурмаган, дунёни китоблар орқали танишга уринаётган ёш авлод вакили бўлсачи??
Ким қайси китобни қайси ёшда, қайси даражага етгандан кейин ўқиши мумкинлигини белгилаб қўйиб бўлмайди. Аммо, ёшларга оид сиёсат давлат фаолиятининг устивор йўналиши сифатида қабул қилинган Ўзбекистонимизнинг   келажаги деб умид билан қаралаётган ёшларнинг қандай китобларни мутолаа қилаётганига эътибор бермаслик ҳам мумкин эмас. Аҳлоқий ва тарбиявий жиҳатдан паст савияда бўлган асарларни ўқиган ёш китобхон, улардан сабоқ олиш ўрнига, нотўғри йўлга кириб кетиш эҳтимоли баландроқ.
Абдулла Авлоний ўзининг “Туркий гулистон ёхуд аҳлоқ” асарида тарбиянинг жамиятдаги ўрни ҳақида куюниб, шундай ёзади: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат -  ё  фалокат масаласидур.” Иқтисодий жиҳатдан ўсиш йўлига юз тутган давлатимизнинг орқасидан хоинларча ниш урмоқ қабилида, аҳоли тарбиясига зарар берувчи бундай иллатларнинг ўртага чиқиши эртанги кунда миллатимизни жарликка етаклаши муқаррар. 
Шундай экан, адабиётимизни бундай “ёзувчи” касбидаги мутахассислардан тозаламоқ мақсадга мувофиқ бўларди. Йигирмата бўлар-бўлмас қиссани ўқигандан кўра, битта бадиий асар талабларига мос келадиган, қайта-қайта ўқиб, ҳар сафарида унинг янги бир қиррасини, ғоясини кашф этиш мумкин бўлган, эзгуликни ўзига шиор  қилган истеъдодли ёзувчи томонидан ёзилган асарни ўқиш минг карра яхшироқдир.  Ёзувчиликка даъво қилгувчи шахслар шуни ёдда тутмоқлари лозимки, жамият ривожи, ундаги инсонлар онгининг ўсиши ва шаклланиши шу жамиятдаги ижодкорларга боғлиқдир.  Юқоридаги фикрларни бериш билан, албаттаки, бугунги кундаги барча ёш ёзувчиларимизни истеъдодсиз, саёз фикрли, чоп этилаётган асарларнинг бари савиясиз, қадриятларимизга зид дейиш фикридан йироқмиз. Таъкидлаб ўтганимиздек, устоз ёзувчиларимизнинг юксак мақтовларига сазовор бўлган, китобхонлар орасида севиб, ўқила бошланган ёрқин асарлари билан кенг танилган ёш қалам усталари, турмушимизнинг ранг-баранг ҳодисалари ёрқин тасвирланган, бугунги эришган ютуқларимизни сўз санъати орқали нозик тараннум этувчи  асарлар ҳам талайгина. Лекин мавзу асарларнинг адабий танқиди эмас, адабиётимизнинг бугунги ҳолати бўлгани учун, ёзувчилар ва асарларнинг номини келтириб, қайси бири яхши, қайси бири ёмон деб муҳокама қилишни лозим кўрмадик.
Адабиётимиз бугун ислоҳот ўтказилиши шарт ҳолатга кириб қолгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Бизнингча, ўзига бадиий асарларни чоп этишдан аввал таҳлил қилиш функцияси юклатилган назорат органи жорий этилсагина, ижобий ўзгаришларга эришишимиз мумкин. Фақатгина бу назорат собиқ шўро даврида бўлгани каби сиёсий-мафкуравий эмас, балки маънавий-ахлоқий бўлиши керак. Ана шунда  ўзбек адабиёти кўп зарарли  иллатлардан фориғ бўлади. Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси, Маънавият тарғибот марказлари ҳамда жамоатчилик вакиллари, ҳалқ ардоғида бўлган кекса ижод дарғалари томонидан ташкил этилиши мумкин бўлган Назорат Ҳайъати, ўзбек китобхони учун сараловчи фильтр вазифасини бажариб берган бўларди. Жамиятимизнинг маънавий қадриятларига, инсоний ҳаёт тарзига, оила муқаддаслигига, ёшлар тарбиясига, ўзбек халқининг тафаккурига зид бўлган ҳеч бир асар ўқувчи қўлига етиб бормаслигини таъминлашимиз керак. Адабий ҳаётнинг бадиий инъикоси, яъни акси дейилади. Демакки, ўзбек адабиёти ўзида сохта ғоя ва мафкураларни, “оммавий маданият”ни эмас, балки ўзбек халқининг ҳаётини, турмуш тарзини, жамиятимиз аҳлоқ нормаларинигина акс эттирмоғи керак.
Ишончимиз комилки, бу фикримизга тамоман қарши чиқиб, назорат, ҳар қандай шаклида ҳам бу цензурадир ва у фикр эркинлигини тақиқловчи восита бўлиб қолади дегувчилар албатта топилади. Майли, шундай ҳам бўлсин, лекин икки ахлоқсизнинг ётоқдаги муносабатларини учинчи бир ахлоқсиз беҳаё шаклда ёритган “эркин фикр”дан ўзбек китобхонини асраш масаласи жамиятнинг ҳам ўзини ўзи ҳимоя қилиш эркинлиги эканлигини унутмаслик зарур.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Адабиётга эътибор - маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласида шундай таъкидлайдилар: “Ёзувчи “Эй одамзод, кўзингни оч, сен нима учун яшаяпсан, инсон деган юксак номга муносиб бўлиш учун нима қиляпсан?” деган саволларни китобхон олдида, жамият олдида қатъий қилиб қўя олсагина, ўйлайманки, ўзининг инсоний ва ижодий бурчини бажарган бўлади.”. Бу бурчни англамаганларга ёзмоқдан аввал ўрганмоқ тавсияси ила, Навоий бобомизнинг ушбу ҳикматларини эслатган бўлардик:
Бўлса ҳақиқат гуҳаридин йироқ, 
Ришта сўзин сўзламаган яхшироқ...
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда