Турсуной Содиқова вафот этди

Article
Кеча 13 январь куни, ўзбек адабиёти яна бир катта йўқотишга учради. Шоира, адиба, жамоат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Турсуной Содиқова вафот этди.
Турсуной Содиқова 1944 йилнинг 24 мартида Андижон шаҳрида таваллуд топганди. Тошкент давлат университетини тамомлаб, мактабда муаллим, ёшлар ташкилотларида, кейинчалик Андижон Давлат тиллар институтида, Республика Маънавият ва маърифат марказида ишлаганди. Филология фанлари номзоди, олима Турсуной Содиқова нозик таъб, ўткир дидли, нафосатли адибаларимиздан бири эди. Уруш даври фарзанди бўлгани учунми, ҳаётнинг аччиқ чучукларидан бохабар эди. Шунинг учун ҳам унинг асарларида, сўзларида умид, эътиқод, яхши одамлар ва яхши кунларга ишонч бош ўринда турарди.
Турсуной опа ўз ҳаёт фалсафасига шундай таъриф берганди: “Ҳар бир инсон бир тажриба хонаси. Умринг ўтар экан, бу дунёнинг хуш-нохуш ранглари, турфа таъмларини қабул қила-қила жисму жонинг минг силкиниб, минг букилиб ва яна қайта расоланиб бораверар экан. "Аллоҳнинг ҳамма иши яхшиликка" эканлиги нақадар ҳақ! Ки кўргилигинг кўпайиб, ёшингга ёш қўшилгани сари феълинг тиниб, ақлинг пишиб, зукко табибдай, тенгрангдаги ҳодисотларни тиниқ уқадиган ва не ташхис қўйсанг, тўғри чиқадиган бўлиб қоларкан. Икки оғиз сўзинг билан кимдир йўлга тушиб турса, яқинларинг ва бола-чақаларингнинг муаммолари сен туфайли ечилиб турса, қандай мароқли! Аммо, "мана энди тажрибам бор, бу ёғига маза қилиб яшайман-да", деганингда қарасангки, бу дунёнинг чиқар эшиги кўриниб қолади. Қулоқ солсанг, юрагингнинг соати ҳам суст ураётгандай! "Ие, бу ёғи кун ботар-ку",-дейсан! "Мунча тез? Қўлимдан эндигина иш келганда-я!"-деб ичинг зил кетади! Аммо инсончиликнинг фарзи – кўнмоқ! Қисматдан қочиб бўлмас.”
Қисмат экан, Турсуной опа энди орамизда йўқ. Аммо у кишининг теран фикрлари, инсонни эзгуликка чорловчи ўгитлари қалбларда сақланиши шубҳасиз. Аллоҳнинг раҳмати ноил бўлсин!

Биз Twitterда