Танқидий таҳлил – самарадорлик омили

 
Танқидий таҳлил – самарадорлик омили
Наманган шаҳрида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти Кенгашининг навбатдаги VIII Пленуми бўлиб ўтди.
Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги, Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги, Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаларидан келиб чиқадиган муҳим вазифалар ҳамда вилоят партия ташкилотининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари, 2017 йилдаги устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Танқидий-таҳлил руҳида кечган йиғилишда ЎзМТДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Тўхтабоев, ЎзМТДП вилоят Кенгаши раиси Одилжон Мамадалиев, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Одилжон Маматкаримов Президентимиз маърузаларида белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш, ҳисобот даврида учраган камчиликлардан жиддий хулоса чиқариш, мавжуд нуқсонларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидладилар.
 
 
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг “Бугун замон ўзгармоқда, унинг талаби, олдимизга қўяётган вазифалари ортиб бормоқда”, деган фикрларидан тегишли хулоса чиқариб, партия ва депутатлар иш фаолиятни тубдан кучайтириш, тинимсиз ишлашга алоҳида аҳамият қаратиш лозим.
Шу нуқтаи назардан олганда, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш ва “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчил ҳаётга татбиқ этиш мақсадида “Миллий тикланиш”нинг барча даражадаги партия ташкилотлари зиммасида турган юксак масъулият муҳим эга.
Хусусан, ЎзМТДП сайловолди Платформасидаги устувор вазифаларни бажариш, аҳоли билан учрашувлар ташкил этиш, халқнинг дардини тинглаш, сессияларга ечимини кутаётган масалаларни олиб чиқиш, сайловчилар ишончини қозониш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда қатъийлик кўрсатишда депутатларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини ошириш ҳар жиҳатдан зарур.
Йиғилишда ҳисобот давридаги фаолият танқидий-таҳлил қилинди. Тар­ғибот-ташвиқот ишлари натижасида бошланғич партия ташкилотлари сони 350 тага, партия аъзолари 11629 нафарга етди.
 
 
2016 йил давомида электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқ депутатлари  вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳлари томонидан 204 та депутатлик сўрови амалга оширилди. Жойлардаги партия гуруҳлари ва депутатлар ташаббуси билан 16 та ташаббус-масала сессиялар кун тартибига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди. Кенгашлар сессиялари ва доимий комиссиялар йиғилишларида 31 мансабдор шахснинг “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросига оид ҳисоботлари тингланди. 16 та таклиф халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама этилди.
Ҳисобот даврида депутатлик гуруҳларининг фаоллигини ошириш, бошланғич партия ташкилотлари ва “Миллий тикланиш” хайрихоҳлари сафини кенгайтариш, аъзолик бадали тушумлари, тадбирлар таъсирчанлигини кучайтириш, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларни кўпайтиришда ЎзМТДП Чортоқ ва Косонсой тумани Кенгашлари юқори натижаларга эришгани айтилиб, бу борада Мингбулоқ ва Тўрақўрғон тумани Кенгашлари сусткашликка йўл қўйганлиги танқид қилинди.
Пленумда кўрилган масалалар юзасидан ЎзМТДП Тўрақўрғон тумани Кенгаши раиси Абдурасул Эргашев, Чуст тумани Кенгаши етакчи мутахассиси Саида Насимхонова, халқ депутатлари Учқўрғон ва Чортоқ туманлари Кенгаши депутатлари Илҳомжон Зулфихаров, Гулнора Камолова, партия фаоли Саидакбар Муталовлар ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар.
 
 
Кенгайтирилган йиғилишда барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатларининг шахсий жавобгарлигини ошириш, қатъий тартиб-интизомга оғишмай риоя этиш, ҳудудларда аҳоли билан мунтазам учрашувлар ўтказиш ва фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини жорий қилишга алоҳида эътибор бериш  лозимлигини таъкидлади.
Пленум якунда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. “Миллий тикланиш” ғояларига хайрихоҳ бўлган бир гуруҳ юртдошларимизга партиянинг аъзолик гувоҳномалари топширилди.
 
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби.

Биз Twitterда