Сиам кўрфазида йўқолиб қолган "чиқиндилар ороли" топилди

Article
Денгиз сатҳида сузиб юрган 100 тоннадан ошиқ чиқиндилар тўплами ўтган ҳафта бошида Таиланднинг Чумпхон вилояти соҳиллари яқинида аниқланганди. Кейинчалик ҳаракатдаги улкан "Чиқиндилар ороли" шимолроққа сузиб, Прачуап Кирикхан вилояти томон йўл олди. Бу ерда эса машҳур денгиз курортлари Хуа Хин ва Ча-Амлар жойлашган бўлиб, бу ҳудудда бундай массанинг тўпланиши экотуризмга жиддий зарар бериши табиий эди. Шу боис жума куни ҳукумат махсус жиҳозланган кемалар билан денгизни ахлатлардан тозалаш учун экспедицияни ишга солди. Лекин улар оролни кўздан қочириб, йўқотиб қўйдилар. Ҳарбий денгиз кучларининг ҳаво разведкаси ёрдамида “орол”ни топишга муваффақ бўлинди. Куннинг иккинчи ярмида чиқиндиларни сувдан олиш ишлари бошланди, деб ёзади Bangkok Post газетаси.
“Денгизни тўла тозалаш учун камида ўн кун керак. Биз бундай ҳолатга илк бор дуч келиб турибмиз. Пластик чиқиндилар денгиз фаунаси учун жуда зарарли. Дельфинлар уни медузалар билан адаштириб ютиб юборишлари мумкин. Пластик пакетлар эса сувга чўкканда коралларнинг устига тушади ва бу уларнинг ҳалокатига олиб келади”, - дейди денгиз ва соҳил ресурслари департаменти бош директори ўринбосари Сопхон Сонгди. Айнан у тозалаш операциясига бошчилик қилмоқда.
Сузувчи чиқиндихона январь ойида Таиланд жанубида юз берган сув тошқини натижасида юзага келгани тахмин қилинмоқда. 

Биз Twitterда