Олимлар эмас, андижонлик талаба остеоартрозни даволашнинг янгича усули устида иш олиб бормоқда!

Article
Андижон давлат тиббиёт институтида инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. 
Тадбирда профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, тадқиқотчи-изланувчилар ҳамда магистрлар томонидан ишлаб чиқилган инновацион ғоя, технология ва лойиҳалар, ўқув-услубий қўлланмалар намойиш этилди. 
– Бугунги тадбирда институтнинг 33 кафедраси томонидан 5 йўналиш бўйича тақдим этилган 63 инновацион ишланма намойиш этилди, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти проректори М.Мадазимов. – Уларни амалиётга татбиқ этиш тиббиёт мутахассислари тайёрлаш сифатини яхшилаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволашдаги имкониятларни янада кенгайтиришга хизмат қилади. Илмий тадқиқот олиб бораётган мутахассислар қўллаб-қувватланиб, муносиб рағбатлантирилади. 
Тадбирда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ички касалликлар, кардиология ва ноинфекцион касалликлар профилактикаси йўналишлари, айниқса, тиббиёт ашёлари ишлаб чиқариш бўйича намойиш этилган ишланмалар кўпчиликнинг эътиборини тортди. – Ярмаркада “Тизза бўғимидаги деформациялашган остеоартроз ва уни даволашнинг янгича усули” деб номланган илмий тадқиқот ишим билан иштирок этдим, – дейди институт талабаси А.Рустамжонов. – Илмий изланишларим натижалари тизза бўғимидаги остеоартроз хасталигини самарали даволашда ёрдам беради. 
Тадбирда “Энг фаол ёш илмий тадқиқотчи”, “Энг фаол илмий тадқиқотчи аёл”, “Энг оригинал лойиҳа муаллифи” сингари қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом, сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Биз Twitterда