Наманган вилояти мактаб битирувчиларида 313 олтин медаль!

Наманган вилоятидаги умумтаълим мактабларини олтин медалга тамомлаган битирувчиларга медалларни топшириш ва тақдирлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
“Таълимга эътибор, келажакка эътибордир”. Ана шу эзгу даъватнинг ифодаси сифатида мамлакатимизда келажагимиз эгаларининг ҳар жиҳатдан етук камол топиши учун беқиёс имкониятлар яратиб берилмоқда. Уларнинг иқтидор ва қобилиятини юзага чиқариш, истеъдодларни кашф этиш ва рағбатлантириш тобора кенг қамров касб этиб бормоқда.
Вилоятдаги умумтаълим мактабларини жорий ўқув йилида олтин медаллар билан тамомлаган ўқувчиларни тақдирлашга бағишланган “Илм ва истеъдод чўққилари сари” шиори остидаги тантанали маросим ана шундай юксак эътибор намунаси сифатида ўтди.
Бу йил вилоятдаги умумтаълим мактабларини 21048  нафар ўғил-қиз тамомлади. Улар орасида талантлар, иқтидорлар, истеъдодлар бисёр. Жумладан, муваффақият пиллапояларидаги дадил одимлари натижасида уларнинг 313 нафари умутаълим мактабларини олтин медалга, 308 нафари эса кумуш медалга битирди. 
Наманган Ёшлар марказида ана шундай иқтидорларга медаллар тантанали топшириш билан бирга, яратиб берилаётган қулайлик ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, юксак марралар, баланд чўққиларни кўзлаб келажак сари интилаётган истеъдодлар, “Йил мактаби”, “Йил психологи” каби танловларда ютуқларни қўлга киритган илм масканлари, устоз-муаллимлар ҳам муносиб тақдирланди.
 

Тантанада шу йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида Сингапур Университети томонидан ўтказилган “Халқаро математика фани” олимпиадасида фахрли 2-ўринни қўлга киритган Чуст туманидаги 64-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Ҳамидуллохон Абдураҳмонов, 23 - 27 май кунлари Белоруссиянинг Могилёв шаҳрида ўтказилган  “Золотая пчёлка” халқаро танловида фахрли 2-ўринни эгаллаган Косонсой туманидаги 9-давлат ихтисослаштирилган мактаб интернатининг 9-синф ўқувчиси Олимахон Тожибоева, 7 - 11-июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган фан олимпиадасининг республика босқичида она тили ва адабиёт фанидан ғолиблик шоҳсупасини забт этган Косонсой туманидаги 45-сонли махсус мактаб-интернатнинг 11-синф ўқувчиси Ёдгор Зокиржонов, мазкур фан олимпиадасининг республика босқичида математика фанидан фахрли 3-ўринни қўлга киритган унинг тенгдоши, шу мактабнинг 11-синф ўқувчиси Жалолиддин Сирожиддинов каби кўплаб талантлар номи фахр ва ифтихор билан тилга олинди. 
Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари озод ва обод юртнинг эртанги куни эгалари сифатида қанот ёзиб, келажак сари дадил парвозга чоғланган битирувчиларга нуфузли олий ўқув юртлари талабаларига айланишларида омад ва муваффақият тиладилар.
Байрамона шукуҳ ва тантанаворликка уйғун янграган куй-қўшиқлар, дилбар  рақслар қалбида, шуурида, вужудида шаҳду шижоат, нигоҳларида қатъият ва ишонч порлаб турган истеъдодлар қувончи, ота-оналар, устозлар шукронасига ҳамоҳанг муносиб қутлов бўлди.
Ватанга муносиб улғайиб, жамиятда ўз ўрнини топишга аҳд қилган ёшлар шижоатида “Эртанги кун – бизники, марра – бизники!” деган қатъийликни кўриш мумкин. Демак, уларнинг парвози баланд бўлиши тайин!

Биз Twitterда