Наманган вилоят Хотин-қизлар қўмитаси "Наманганлик "сирли" Зулфиячилар..." мақоласига раддия берди

 
1 декабр куни сайтимизда “Наманганлик "сирли" Зулфиячилар...” деб номланган мақола эълон қилган эдик. Мавзу юзасидан Наманган вилоят Хотин-қизлар қўмитаси таҳририятимизга мурожаат қилиб, мақолада келтирилган фикрларга ўз раддиясини берди. Қуйида ушбу раддияни айнан ҳавола этамиз:
 
Ассалому алайкум! VODIYMEDIA.UZ сайтида эълон қилинган "Сирли" Зулфиячилар сарлавҳаси остида журналист Дилмурод Жумабоевнинг мақоласини ўзгаришларсиз ҳукмингизга ҳавола этиб, сўнгра бизнинг раддиямизга эътибор қаратишингизни сўраймиз.
 
"Наманганлик "сирли" Зулфиячилар...
 01 Декабрь 2018 16:35
Танлов одатда қандай якун топади? Танлов иштирокчилари ўз қобилиятларини намойиш қилишади жюри олдида, улар баҳоланади, якунда натижалар эълон қилинади, ким ғолиб бўлгани маълум бўлади...
Наманганда ҳам бир неча кун аввал Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Таълим, фан, маданият, адабиёт, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолияти йўналишлари бўйича 134 нафар зукко, билимдон ва фаол қизлар танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ўзаро баҳслашдилар.
Якунда эса... Танлов низомидаги йўналишлар бўйича тегишли соҳаларнинг тажрибали мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра "муносиб деб топилган номзодлар" кўрик-танловнинг мамлакат босқичига тавсия этилди...
Ким муносиб деб топилгани эса ҳеч кимга маълум эмас! Яъни тасаввур қилинг, танлов якун топди, натижалар маълум, кимлардир кўрик-танловнинг мамлакат босқичига тавсия этилди, аммо бу натижа – “давлат сири”га ўхшаб кетадиган сир! Қанақа сир, дейишингиз мумкин. Аммо иштирокчиларга ҳам маълум бўлмаган натижа асосида кимлардир кўрик-танловнинг мамлакат босқичида иштирок этадиган бўлса ва бу “сирли ғолиблар”нинг ким эканлиги фақат мамлакат босқичи бўлиб ўтгандагина маълум бўладиган бўлса, уни нима дейиш керак..
Бу ҳолат бир неча йилдан бери такрорланиб келинади. Қийин қийин, не не умидлар билан танловда иштирок этган қизларга қийин...
Танлов якун топганда ва натижа маълум бўлганда, уни оммага очиқ эълон қилмасликнинг сабаби кимларгадир аён, бизга ноаён... Балки, бу ёзганларимиз чоп этилгач, натижа ҳам маълум бўлиб қолар...?
Дилмурод Жумабоев"
 
Ҳурматли Дилмурод Жумабоев! Сизни профессионал журналист сифатида билганимиз ҳолда сизнинг муаллифлик мақолаларингиз холис журналистик суриштирувлар асосида олиб борилишига ҳеч шубҳамиз йўқ эди. Аммо, сизнинг "сирли" Зулфиячилар мақолангиздаги фикр ва мулоҳазаларингиз бирёқлама ёндошув, “Зулфия номидаги давлат мукофоти” низомини якунигача ўқиб кўрмаганингиздан далолатдир. Низомга мувофиқ дея иддао қилганингиз ҳакамлар ҳайъати эмас, тажрибали комиссия аъзоларидан таркиб топган жамоа низомнинг (5-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 2 мартдаги ПФ-3578-сонли Фармони таҳририда ЎР ҚҲТ, 2013-й. 4-сон, 43-модда)сига эътибор беринг. “Зулфия номидаги давлат мукофотларини беришга доир таклифлар тўғрисида”ги қарор комиссия таркибининг камида учдан икки қисми иштирокида яширин овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига тақдим этилади.
Комиссия аъзолари иштирокчиларнинг эришган муваффақиятлари ҳамда ютуқлари орқали тайёрлаган ҳужжатларини холисона баҳолаб чиқиб, Республика босқичига номзодларни низомга кўра тақдим этадилар. Унутмангки, бу ерда ҳеч қандай “давлат сири” мавжуд эмас!
Ишончингиз комил бўлсин, Зулфия номидаги давлат мукофотининг Наманган вилоят босқичи юқорида келтириб ўтилганидек, низом бандларига тўлиқ амал қилинган ҳолатда ҳар йили кўтаринки кайфият, ҳолис ва адолатли ёндошув билан олиб борилади ва бунга асло шубҳа йўқ.
Наманган вилоят Хотин-қизлар қўмитаси.
 
Таҳририятдан: Наманган вилоят Хотин-қизлар қўмитаси томонидан таъкидлаб ўтилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти тўғрисида Низомни яхшилаб ўқиб чиқдик. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси Зулфия номидаги Давлат мукофотига тавсия этилган талабгорлар рўйхати, уларнинг ибратли фаолиятлари, асарлари ҳақидаги маълумотларни тавсия этган ташкилотларни кўрсатган ҳолда, мукофот берилишидан икки ой олдин (яъни 7 январгача - таҳририят изоҳи) республика оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши, Давлат мукофотига тавсия этилган талабгорларнинг фаолияти, асарларининг жамоатчилик томонидан кенг ва ошкора муҳокама қилинишини ташкил этиши, уларнинг жамоатчилик ва мутахассислар томонидан холисона баҳоланишига кўмаклашиши, ана ундан кейин Давлат мукофоти юзасидан тушган таклифларни ўрганиб чиқиб, мукофотларни бериш тўғрисидаги қарорларини Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига тақдим этиши белгилаб қўйилган экан... Кутамиз, 7 январга бир ойдан сал кўп вақт қолди, қонун талабларига Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси қай даражада амал қиларкин? Бу мавзуга яна қайтамиз.

Биз Twitterда