Наманганга электровоз келди

 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 октябрдаги “Поп – Наманган – Андижон темир йўл линиясини электрлаштириш” лойиҳасини Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида умумий узунлиги 145 километрлик темир йўл тармоғини электрлаштириш борасида ишлар амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг дастлабки босқичи сифатида Поп – Наманган участкаси – умумий масофанинг 45 километри тўлиқ электрлаштирилиб, фойдаланишга топширилишида мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самараси ўз ифодасини топди.
Лойиҳага киришилгандан буён ўтган қисқа вақт мобайнида “1-сон энергомонтаж поезди” унитар корхонаси, Махсус механизациялаштирилган йўл станцияси меҳнат жамоаси томонидан 690 таянч устуни ва шунча миқдорда консоллар ўрнатилди. Поп, Чуст, Тўрақўрғон, Ровустон, Наманган темир йўл станциялари оралиғидаги 45 километр масофага контакт симлар тортилди.
 
 
Поп – Наманган электрлаштирилган темир йўлидан келган илк электровозни Наманган темир йўл вокзалида вилоят ва Наманган шаҳри ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар тантанали, байрамона кайфиятда кутиб олди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар томонидан мазкур транспорт-коммуникация тармоғи, муҳандислик иншоотининг иқтисодий, ижтимоий аҳамияти эътироф этилди.
– Эндиликда темир йўл тармоғининг мазкур участкасида тепловозлар замонавий электровозларга алмаштирилади, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари А.Камолов. – Бу эса юк ва йўловчи ташиш харажатларини сезиларли камайтириш, ҳаракат тезлигини эса ошириш имкониятларини кенгайтиради. Таҳлилларга кўра, тепловозда ташиш ёқилғи сарфи билан таққослаганда электрлаштирилгандан кейин харажат уч баробарга қисқаради. Бундан ташқари экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
– Қаерга йўл, хусусан, темир йўл борса, ўша ҳудудга тараққиёт, ривожланиш насими ҳам кириб боради, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси И.Нажмиддинов. – Пойтахтимиз билан Фарғона водийси ўртасида тўғридан-тўғри поездлар қатнови тўхтаб қолган чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнида наманганликлар қанча ноқулайликларни бошидан кечирди. Қўшни давлат сарҳадлари орқали темир йўлларда юк ташиш иқтисодий ривожланиш суръатларига салбий таъсир кўрсатди. Буни довон орқали тоғни тешиб олиб ўтилган темир йўлнинг ва темир йўл тармоқларини электрлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлардан чуқур англаш мумкин.
Тадбир иштирокчилари Наманган темир йўл вокзалини реконструкция қилиш, сайёҳлар, йўловчи ва соҳа хизматчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
“Боштранслойиҳа” АЖ муҳандислари томонидан ишлаб чиқилган “Поп – Наманган – Андижон” темир йўл линиясини электрлаштириш” лойиҳасининг умумий қиймати 202,3 миллион доллар бўлиб, 80 миллион доллари Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштирилади. Лойиҳага кўра электрлаштирилаётган тармоқда 2 та янги сим тортиш станцияси қурилиши кўзда тутилган. Ҳозиргача ушбу ҳудудда 3 минг 728 котлован қазилиб, 3 минг 326 таянч устуни ўрнатилди. 576 минг метр кубдан зиёд тупроқ ишлари бажарилди ва 25 сунъий иншоот қурилди.
Поп-Наманган электрлаштирилган темир йўл тармоғининг ишга туширилиши наманганликлар учун давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрамига муносиб туҳфа бўлди.
Электрлаштирилган темир йўлнинг фойдаланишга топшириш маросимида Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

Биз Twitterда