Кўмирнинг ғамини қилманг: Вилоятларда 84 та кўмир омбори қурилади!

Article
2010 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда аҳоли ва бюджет ташкилотларининг кўмирга бўлган эҳтиёжи 2,5 баробардан ортиб кетган. Ана шу талабдан келиб чиқиб, соҳа корхоналарида кўмирни қазиб олиш ва истеъмолчиларга етказиб бериш ҳажмини кўпайтиришга қаратилган инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда, дея ёзади ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 декабрдаги “Республика аҳолиси ва бюджет ташкилотларига кўмир маҳсулотлари етказиб бериш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз аҳолиси ва бюджет ташкилотларига кўмир маҳсулотларини етказиб берувчи ва тақсимловчи ташкилотлар масъулиятини янада оширди. 
Ҳужжатда қаттиқ ёқилғи нархини янада пасайтириш мақсадида "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти, истисно тариқасида, "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамиятига 2017 йил 1 мартгача аҳоли эҳтиёжлари учун кўмир маҳсулотларини ташишга амалдаги прейскурант ставкаларининг 50 фоизи миқдорида чегирма кўзда тутилган. Натижада кўмирнинг чакана нархи аҳоли учун 13 фоизга пасайиб, тоннаси 126 минг 400 сўмни ташкил қилади. Аҳолига сотиладиган кўмир нархларига риоя қилиш ва ушбу маҳсулот нархининг асоссиз равишда ўсиб кетиши устидан қатъий назорат ўрнатилди. 
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга ошириладиган, кўмир брикетини ишлаб чиқариш бўйича ускуналар билан жиҳозланадиган "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамияти ҳудудий дистрибьюторлик марказлари филиаллари рўйхати ишлаб чиқилди. 84 кўмир омборини қуриш ва уларни турли қувватга эга бўлган ишлаб чиқариш ускуналари билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Бунёд этиладиган омборлар учун 90 гектар ер майдони, 45 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. 

Биз Twitterда