ҒАЙРИОДДИЙ СМС ЁҲУД ЎЗИНГИЗНИ ТАНИЙСИЗМИ?

Article
Бугунги тараққиёт асрида техника ютуқларидан фойдаланишда мислсиз ютуқларга эришаётган халқимизга “СМС” йўллашга қарор қилдик. Ахир бугун мақолани ҳамма ҳам ўқийвермайди, “СМС”ни ўқишга эса ҳаммамиз вақт топамиз.
“СМС”имизни “Ассалому алайкум!” деб бошласак нима дейсиз? Тўғри, бугун саломлашишнинг замонавий кўринишлари кўп (“Салют!”, “Сава!”, “Хелло!” ва ҳоказо), лекин уларнинг ҳикмати кўп эмас-да!
Қизиқ, нега Ғарб маданиятидан муомаламизга кириб келган саломлашишнинг замонавий кўринишлари бунчалик оммалашиб кетди экан? Биргина бу эмас, Ғарб маданиятидан турмуш тарзимизга кириб келиб, тўғридан-тўғри ўзлаштирилаётган “замонавийлик”лар талайгина. Бироқ, уларни “тўғридан-тўғри ўзлаштириш” қанчалик тўғри? Наҳотки, қизларнинг тун ярмида “дискотекадан” қайтиши, ғайриоддий соч ўстириб, эгнига (қарашга одам уяладиган) “замонавий алланималар”ни илиб олган йигитлар, кўча-кўйда қўлтиқлашиб, пана-панада учрашиб юрган ёшлар ТАБИИЙ ҲОЛга айланди?! Наҳотки, турмуш ташвишлари ёҳуд пулнинг кетидан елиб-югурган жонкуяр ота-оналар фарзанд тарбиясига вақт топа олмай қолишди?! Ахир улар жондан азиз фарзандларининг ўзлари орзу қилган бахтиёр келажаги учун тарбиядан кўра муҳимроқ нарса йўқ эканлигини тушунадиган ёшда эмасмилар?!
Замонавийликка интилиш асносида кўр-кўрона Ғарбга тақлид қилиб, кимлигимизни унутиб қўймаётганмикинмиз? Ўзимизни – ўзлигимизни таниб оладиган пайт келмадимикин? Ахир ўзимизни ўзимиз танимасак, бизни дунё қандай танисин?...
Биз учун инсон ва унинг манфаатлари ҳамиша энг олий қадрият бўлиб келган. Мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар негизида, у жамиятнинг қайси жабҳасида бўлмасин, инсон ва унинг манфаатлари ётади. Ёш мустақил давлатимизнинг 25 йиллик тарихида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари – барчаси инсон манфаатлари, фаровон турмуш учун.
Бироқ сўнгги пайтларда, ўз манфаатларимиз билан овора бўлиб, ватан манфаатларини, унга нисбатан дахлдорлик ҳиссини, бир сўз билан айтганда, бурчларимизни унутиб қўйдик. Балким бунга сабаб, “оммавий маданият”ни “замонавийлик” деб қабул қилиб, тарбияда сусткашликка йўл қўяётганлигимиздир.
Тарбия – инсонни камолотга етказиш ва маънавиятини юксалтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Лекин тарбиянинг ҳам ҳар хили бўларкан. Келинг, биз анчадан бери сўз очилмай, деярли унутилаёзган миллий тарбия ҳақида гаплашамиз.
Миллий тарбия – ўзбек миллатининг миллий хусусиятларини ўзида акс эттириб, унинг замирида миллий ўзлигимизга, ўзбекчилигимизга хос миллий қадриятлар, анъаналар ётади. Бир ўйлаб кўринг-а, қайси миллатнинг фарзандига “Етти маҳалла ота-она”лик қилади?! Қайси миллатда оилали ўғил ёки қиз ўз ота-онаси олдида фарзандини “болам” деб суйишга андиша қилади?! Мана шунинг ўзи миллий тарбиянинг энг содда, шу билан бирга энг гўзал кўринишлари эмасми?!
Бу борадаги бугунги кунда айрим оғриқли нуқталаримизга сиртдан баҳо бериб, уларнинг ечимлари хусусида мушоҳада қилиб кўрсак қандай бўларкин?!
 
МАЪНАВИЯТ ФАҚАТ ЁШЛАРГА КЕРАК(МИ?)
Ёшлар бевосита ёши улуғлардан – энг аввало, ўз ота-оналаридан ибрат олиб, уларга тақлид қилиб улғаядилар. Сўнгги йилларда ёшлар онгини турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, маънавиятини юксалтириш мақсадида тарғибот ишлари кучайиб борди. Бундай тарғибот ишларини бевосита ота-оналар орасида ҳам олиб бориш мақсадга мувофиқ эмасмикан? Ахир ота-оналар фарзандларининг эртанги куни учун уззукун меҳнат қилиб, ана шу келажакка таҳдид солаётган айрим нарсаларни эътибордан четда қолдирган бўлишлари ёки бундай таҳдидлардан бутунлай бехабар бўлишлари, шунингдек, фарзандлари тарбиясида айрим жузъий камчиликларга йўл қўяётганликларини сезмаган бўлишлари мумкин-ку?! Фикримизча, уларни ҳам таҳдидлардан огоҳ қилиб, маънавий масалаларда сусткашлик қилмасликка чақириш уларнинг масъулиятини оширади. Қолаверса, ёшлар ёшлик қилиб ўз келажагига бефарқлик қилиши мумкин, лекин ота-она – алсо!
 
МУЛТФИЛЬМ ЁКИ ЭРТАК? ТЕЛЕФОН ЁКИ КИТОБ?
Агар фарзанд севимли мултфильми сценарийсини ёд билсаю, “Эртак айтиб беринг” дейишни билмаса, “Энг замонавий телефон аппарати”ни хоҳлаб хархаша қилсаю, бирор марта “Китоб олиб беринг” демаган бўлса, бунда кимни айблаш лозим?
Ёш авлодни болаликдан умуминсоний қадриятлар ва миллий маданиятимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар қалбида эзгуликка, шунингдек, китобга чуқур муҳаббат уйғотишда бой маънавий меросимиз, ижодиётимиз намуналари энг муносиб воситадир. Бу борада халқ оғзаки ижодиёти намуналари муҳим аҳамиятга эга, зеро уларда миллатимизнинг кўп йиллик анъаналари ва қадриятлари акс этган, миллий ўзликни англашга қаратилган ғоялар илгари сурилган.
 
ҚАНДАЙ КАСБНИ ТАНЛАГАН МАЪҚУЛ?
Нуфузли касб, даромадли касб, ота касб, она касб, дуч келган касб…севимли касб… Касбни тўғри танламаган битта инсон иккита соҳада йўқотишга сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ёшларни касбга тўғри йўналтирмаслик таълим ва кадрлар сифатининг тушишига сабаб бўлади. Ёшларга мактаб давридан бошлаб ўз қобилиятларини аниқлаш ва тўғри йўналтиришларига АМАЛИЙ КЎМАК бериш лозим, зеро бу уларнинг етук мутахассис бўлиб етишишида муҳим рол ўйнайди.
 
САНЪАТ САНОАТИ
Ажабланманг, бугун айрим санъат асарлари ижод қилинмаяпти, ишлаб чиқариляпти! Лекин “бу дунёда ҳар нарсанинг харидори топилади”, деганларидек, бу “бу бир марталик товарларнинг” ҳам “бозори чаққон” бўлаётганлиги биз учун ачинарли. Зеро бу уларнинг сифатидан эмас, истеъмолчининг “сифатсизлигидан” далолат эмасми?!
Санъат ва адабиёт соҳасида, айниқса, мусиқа ва кино санъати соҳасида яратилаётган янги ижодий намуналар сифатига қўйиладиган талабларни кучайтириш ҳам санъат асарлари, ҳам ўқувчи ёки томошабиннинг сифат даражаси ўсишига хизмат қилади.
 
СЕРИАЛЛАР
Охирги пайтларда турли миллатлар сериалларини (хитой, корейс, ҳинд(!) ва ҳоказо) қолдирмай кўриш одат тусига кириб қолганлиги ҳеч кимга сир эмас. Янги туғилган чақалоққа “севимли” сериал қаҳрамонининг исмини қўйиш ҳам бугун оддий ҳолат бўлиб қолди. Баъзан шундай ҳодисаларни эшитсак, беихтиёр кулиб қўямиз(!). Лекин бунга кулиш керак эмас, ахир бу фожеа! Наҳотки, бутун бошли миллатимиз тарихида (ва ёки бугунида) ҳавас қилса арзигулик қизлар ёки ўғлонлар йўқ бўлса?!
Бизнинг ҳам бутун бошли сериал қилишга арзигулик ўтмишимиз бор – ватанимизнинг буюк тарихи ва маданияти, йирик алломаларимиз, бобокалонларимиз, эрксевар маърифатпарварларимиз ибратли ҳаёт йўлини ёритувчи бадиий ҳамда ҳужжатли филмлар, сериаллар яратиш мумкин-ку?!
Ўзбек боксчиларининг рингдаги ғалабасидан қалбингиз қандай жунбушга келганини бир эсланг… Демак қалб ғурурга тўлиши учун кўз гувоҳ бўлиши керак. Аждодларимиз эришган ғалабаларига “гувоҳ бўлиш” бизни ҳам ғалабаларга ундаса, миллий ғурурни уйғотиб юборса ажабмас!
Майли, ўтмишнинг оқ ва қора кунларини баравар ёдга олайлик, зора шунда бу ёруғ кунлар шукронаси дилларга янада чуқурроқ сингса.
 
“МАФТУН БЎЛДИМ!”
Ватанпарварлик нимадан бошланади? Шубҳасиз, Ватанга муҳаббатдан! Ватанга муҳаббат қўйиш учун унга мафтун бўлиш лозим…
Тасаввур қилинг, республика миқёсида “Мафтун бўлдим!” номли танлов эълон қилинса. Унда етти ёшдан етмиш ёшгача шу юртда туғилиб ўсган инсон борки, қатнашиши мумкин. Унда Ватанимизнинг энг гўзал, энг содда, энг мафтункор қадриятлари ва манзараларини акс эттирувчи ижод намуналари қабул қилинади. Ғолиблар ўша ижод намуналарини овозга қўйиш орқали аниқланади (овоз йиғишни ташкил қилиш бугунги кунда муаммо эмас!). Энг қизиғи, ғолиблар эҳтиёжларига кўра тақдирланадилар! Масалан, ғолиб бўлган талабага чет элда бепул таълим олиб қайтиш имконияти тақдим этилиши мумкин… Хўш, Сиз иштирок этармидингиз?
Балки, Сизда “Бу ишларни амалга ошириш катта мабағ талаб этади-ку?!” деган эътироз туғилгандир. Албатта! Лекин бу тарбия масаласи, шунчаки тарбия эмас, МИЛИЙ ТАРБИЯ. Абдулла Авлоний айтганларидек, ҲАЁТ-МАМОТ МАСАЛАСИ!
Ёш мустақил давлатимиз эндигина 25 ёшни қаршилаган бўлса-да, ватанимиз тарихи неча минг йилликларга бориб тақалади. Ўша минг йилликлар бағрида БИЗНИНГ АЖДОДЛАРИМИЗ ёққан машъал ҳали ҳануз сўнмаган. Биз буюкларнинг муносиб давомчилари сифатида ўша машъалга куч беришимиз керак, токи авлодлар умри зулматда қолмасин.
“СМС”имиз сўнгида, чегара ортидан “жаннат” қидираётганларга икки оғиз сўз. Бир инсоннинг ота-онаси ўртаҳол деҳқон бўлса, ўша инсон бадавлат ишбилармоннинг ҳузурига “мени фарзандликка олсангиз…” деб бориши тўғримикан?!
Жавоб беришингиз шарт эмас. Шунчаки барчамиз учун ҳам Ота, ҳам Она бўлган мана шу БУЮКЛАРДАН МЕРОС МУҚАДДАС ЗАМИН ҲАҚҚИ-ҲУРМАТИ ўйлаб кўрсангиз бас!
 
Муқаддамхон Саидрасулова
Vodiymedia.uz учун махсус

Биз Twitterда