Ахборот-кутубхона ресурслари, медиасаводхонликни юксалтиришда халқаро тажрибалар

Наманган шаҳрида “Central Asia – 2017. Фан таълим маданият ва бизнесда интернет ва ахборот кутубхона ресурслари” мавзусидаги  Х1 Халқаро анжумани  бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси  Президенти томонидан  шу йил  12 январда қабул қилинган  “Китоб маҳсулотларини  чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш  бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши соҳада катта амалий қадамлар ташланаётган  бир вақтда ғоят аҳамиятли.
 
 
Халқаро конференцияда  қатнашиш учун   мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, шунингдек, Германия, Россия ва Қозоғистондан илғор тажрибали соҳа мутахассисларининг Нодира номидаги вилоят ахборот кутубхона марказида жам бўлишлари ахборот ресурс марказлари  фаолиятини янада самарали тус олишига, мутахассисларнинг ахборот кутубхона хизматини илғор  технологиялар асосида халқчил ва қулай усулларда ташкил этиш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 
26 апрел куни вилоят театрида бошланган конференция ишининг очилиш маросими тантанали тус олди. Маърузалар тақдимотини хорижлик мутахассислар бошлаб беришди.
  Айниқса, Кемерово давлат маданият институтининг ахборот технологиялари ва ижтимоий соҳа илмий-тадқиқот институти директори Наталья Гендинанинг “ЮНЕСКОнинг медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича ўқув дастури: Россия ва Ўзбекистонда мослаштириш тажрибасидан”,  Германия Кутубхоначилик Ассоциацияси раиси ўринбосари Весна Штейернинг “Берлин полиция кутубхонасига 160 йил. Қироатхонадан рақамлаштирилган полиция кутубхонасигача” каби мавзулардаги чиқишлари иштирокчиларга  манзур бўлди.
 
:  Германиядан (Библиотечная Ассоциация Германии) келган иштирокчи Франк Редис ҳамда тилмоч.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган соҳадаги ишлар ва тўпланган тажрибалар юзасидан Наманган вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси  бошлиғи Зиёвиддин Мансуров,  Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори вазифасини бажарувчи Умида Тешабаева, НамДУ ўқитувчиси Наримон Деҳқоновларнинг маърузалари иштирокчиларга ўзига хос сабоқ  бўлдики,  27 апрель куни Нодира  номидаги АКМда давом эттирилган машғулотлар жараёнида ҳам савол жавоблар давом этди.
- Соҳада Халқаро конференциялар ўтказиш ва ўзаро замонавий илғор тажрибаларни ўртоқлашиш асносида медиа ахборотларни йиғма электрон тақдимотини йўлга қўйиш ташаббуси   1997 йилда Қримда бўлиб ўтган жаҳон кутубхоначиларининг симпозиумида биз ўзбекистонликларнинг ташаббусимиз сифатида  расмийлаштирилганди.  Таклифимиз  қўллаб қувватланиб Халқаро анжуман 1998 йилда Самарқанддан бошланганди. Анъанавий тус олган  мазкур анжуманга орада Қарши, Хоразм ҳам мезбонлик қилган.
2018 йилда  ташкил этилганининг 100 йиллигини нишонлаш тараддудида турган вилоят АКМ ва тизимдаги барча мутахассислар учун  бу галги анжуманнинг  айнан Наманганда ўтказилаётгани жуда-қувончли ва рамзий маънога эга, -дейди Нодира номидаги вилоят кутубхонаси директори Мавлуда Жўрабоева.
- Россиялик кутубхонашунос мутахассислар билан  амалий ҳамкорлигимиз 1999 йилдан бошланган.  “ИРБИС” дастури бўйича электрон каталог яратиш бўйича  қисқа муддатда амалга оширган ишларимизни  бугун нафақат россияликлар,  барча хорижликлар ҳайрат билан эътироф этишди. Россиялик Андрей Гушьков,  қозоғистонлик  Айнагул Нурсетовалар  барча иштирокчиларга  айнан бизнинг кутубхона тизимида  кейинги 10 йил ичида шакллантирилган  замонавий технология асосида электрон каталог яратиш ва фойдаланишга жорий этишдаги ишларимизни  эътироф билан ҳавола этишди.
Анжуман давомида Германия, Россия ва Қозоғистондаги  АКМлар билан шартномалар тузишга муваффақ бўлдик. Ўзаро тажриба алмашиш, ноёб китобларни халққа етказиш, маданиятларимиз ва қадриятларимизнинг умужаҳоний аҳамиятларини  кенг тарғиб этиш бу АКМлар орқали бошланиши, кутилган даражада оммалашуви ва эъзозланиши анжуман доирасидаги  фикр алмашувлар жараёнида янада ойдинлашди.
Мен биз соҳа ходимларига  кенгдан кенг имконлар яратиб бераётган Президентимизга, ҳукумат ва  вилоятимиз раҳбариятига  чин дилдан ташаккур айтаман.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистондаги юксалишлар, ободончилик ва турмуш фаровонлигини Наманган мисолида яна бир бор олқиш ва  ҳайрат билан  тилга олдилар. Тадбиркорлик, хотин-қизлар ва айниқса ёшлардаги интилиш ва шижоат уларда катта таассуротлар қолдирди.
Носиржон ДЕҲҚОНОВ, Ҳотам МАМАДАЛИЕВ.

Биз Twitterда