Спикер Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги гуруҳга Чироқчидан 603 та мурожаат тушди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аҳоли турмуш тарзи билан танишди, деб хабар беради ЎзА.
Шу муносабат билан ташкил этилган халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан юзма-юз мулоқот қилиб, мавжуд муаммоларни яқиндан ўрганаётгани фуқароларни қийнаётган масалаларга тўғри ва ўз вақтида ечим топиш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. 
Гуруҳ аъзолари 620 дан ортиқ хонадонга бориб мулоқот ўтказган. Мулоқотларда фуқаролардан 603 мурожаат тушган. Ишчи гуруҳи штабига 70 га яқин фуқаро ўз масалалари бўйича мурожаат қилган. Улар асосан таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хизмат, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳалари, ичимлик суви, электр энергияси, газ таъминоти тизимида мавжудлиги аниқланган.
Тиббий хизмат кўрсатишдаги муаммолар одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётир. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Уйшун”, “Қалқама”, “Чияли” бўлинмалари иншоотлари реконструкция ва капитал таъмирга муҳтож. Бинолар иссиқ ва совуқ сув, лабораториялар керакли тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмаган. Тумандаги мавжуд қишлоқ врачлик пунктларидан саккизтаси мослаштирилган биноларда жойлашган бўлиб, таъмирталаб ҳолатда. Мазкур пунктларда малакали мутахассислар етишмайди. Тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланганлик даражаси 85 фоизни ташкил этади. Электр энергияси таъминотидаги узилишлар оқибатида замонавий ускуналардан етарли даражада фойдаланилмаяпти. 
Ўрганиш давомида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар тегишли давлат органлари билан биргаликда бартараф этилади. Сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятини такомиллаштириш, партия гуруҳлари, доимий комиссияларнинг ташаббускорлигини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди. Барча соҳада қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг қонуний мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал қилиш борасидаги ишларни, шунингдек, прокуратура, ички ишлар ва бошқа давлат идоралари раҳбарларининг халқ олдидаги ҳисоботларини эшитиш тизимини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. 

Биз Twitterда