Наманганда фермерликни ривожлантириш ҳукумат даражасида муҳокама қилинди

Наманган «Ёшлар маркази»да вилоят ҳокимлиги ҳамда Республика Адлия вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган «Фермер хўжаликлари, жумладан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари тузиш ва фаолиятини такомиллаштириш» мавзусида семинар-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Дилмурод Қодиров олиб борган семинар қизғин мунозаларга бой тарзда ўтди. Айниқса, Адлия вазири ўринбосари Анвар Усмоновнинг “Фермер хўжалигини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, Қонунчиликка мувофиқ уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари”, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Муҳаммадихон Жўраевнинг “Ердан белгиланган тартибда фойдаланиш ва бунга амал қилинмаган тақдирда қонунчиликда белгиланган жавобгарлик”,  Ўзбекистон фермерлари Кенгаши бош мутахассиси Бахтиёр Шерматовнинг “Кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини такомиллаштириш” мавзуларидаги чиқишлари йиғилганларнинг эътиборини тортди.
Шунингдек, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Олимжон Ҳожиматов “Экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг божхона расмийлаштируви”, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Фазлиддин Сайфитдинов “Фермер хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларида дебитор кредитор қарздорликни камайтириш”, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Акмал Набираев “Шартномавий мажбуриятларни бажармасликнинг ҳуқуқий оқибатлари”, шунингдек, Республика «Марказий банки», «Ўзагроэкспорт» АЖ мутасаддилари томонидан фермер хўжаликлари, жумладан, кўп тармоқли фермер хўжаликларини кредитлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ташкил этиш масалалари каби мавзуларда маърузалар қилинди.
Семинар ишида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва уларга хизмат кўрсатувчи корхона, ташкилот, муассасалар вакиллари ҳамда соҳага даҳлдор идоралар вакиллари иштирок этдилар ва ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоблар олишди.
 

Биз Twitterда