Атоқли шоира Дилбар Ҳайдарова бугун - 18 ёшда!

 
Атоқли ўзбек шоираси, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси Дилбар Ҳайдарова бугун туғилган кунини нишонламоқда. Сарлавҳада 18 ёшини дедик, хато эмас. Биринчидан, аёл кишининг нечага кирганини эслатиб туриш шарт эмас. Иккинчидан, Дилбар Ҳайдарова ўзининг порлоқ ижоди, ёрқин шеърлари билан адабиётимизга, шеъриятимизга 18 ёшнинг гўзаллигини, латофатини қўшиб турибди. Шеърлари араб, болгар, рус, арман, грузин, қозоқ, туркман, тожик, белорусь, украин, турк, инглиз, озарбайжон ва бошқа кўплаб халқлар тилларида айни ўзбекчадек мазмундорлик ва оҳанрабо билан жаранглаб турган Дилбар Ҳайдаровага узоқ умр, янада кўпроқ ижодий куч-қувват, туганмас оилавий бахт тилаб қолган ҳолда, шоир ва адабиётшунос Азим Суюннинг Дилбар Ҳайдарова ҳақидаги битикларини ҳавола этамиз.
 
ҚАЛБ НИГОҲИ
Инсон умрининг гултожи – ёшликда жуда кўпчилик шеър ёзади. Бу борада йигитлардан кўра қизлар кўпроқ десак адашмаймиз. Аммо йиллар ўтган сайин ўрин алмашинуви юз беради. Қўлига қалам тутган қизларимиз сараланиб бораверади. Умрининг охиригача қалам ушлаб, адабиёт майдонида қолганлари жуда камчил. Бунинг албатта, ҳаётий сабаблари бор. Оила, фарзандлар тарбияси, ҳаёт ташвишлари, назаримизда, қизларимиз, аёлларимиз елкаларида мўлрокдек. Гапимиз исботини шеъриятимиз тарихидан ҳам билсак бўлади. Шоираларимиз ҳатто, бармоқ билан саналгудек: Зебунисо, Нодира, Увайсий, Анбар отин... Бу саноқ бизнинг замонамизга келиб, бир оз чўзилади. Зулфия, Ойдин, Саида Зуннунова, Ойдин Хожиева, Шарифа Салимова, Гулчеҳралар, Ҳалималар, Хосиятлар ва Дилбарлар...
Дилбар Ҳайдар қизининг илк китоби «Норин мавжлари» 1980 йил Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган ва шеъриятимиз дарёсида бир мавж кўзларни ёлқинлантирди. Бу мавж томчилари юракларга бир ҳаловат берди. Олис мавжнинг бир томчисини ўқиб кўринг:
 
БАҲОР
Бўғриққан куртакнинг илиқ бағридан,
Баҳор чиқиб келса пушти рангларда
Ҳайратлар юртидан жой излаб шу дам,
Қушчалар сайраса минг оҳангларда
Кўк териб келардим яқин даладан.
Изимга тўкилиб ялпизнинг ҳиди.
Намиққан сўрида онам ва дадам,
Кутишар келар деб кўкламнинг қизи.
Жаннатга айланган боққа чиқаркан,
Энтикиб кетардим қаддимни ростлаб,
Кўкламсиз одамлар қандай чидаркин,
Деб ўрик гулини қучардим дастлаб.
Баҳор деразани чертаётган пайт,
Мен соғиниб кетдим ялпиз ҳидини.
Юрагим соғинчдан титраётган пайт,
Кўклам танирмикан эрка қизини...
 
Бу тўплам билан Дилбар устозлар назарига тушгани ёдимда. Академик Воҳид Зоҳидов «Ўзбекистон маданияти» (ҳозирги «Ўзбекистон адабиёти ва санъати») газетасида «Дилбар шоира» номли самимий мақоласи билан барчамизни диққатимизни тортди. Ҳатто, Дилбарнинг тенгдошлари ўша пайтда ҳавасу... ҳасад ҳам қилган. Ундан кейин бирин-кетин шоирамизнинг «Кўклам қизи» (1983), «Ишқ сўқмоғи» (1990), «Дилистоним» (1994), «Гуллар нафаси» (1995), «Наманган олмаси» (1996), «Оққан дарё» (1999), «Муҳаббат фасли» (1999), «Ватан сўзи» (2002), «Настарин» (2003), «Кўнгил боғи» (2005) сингари шеърий китоблари нашр этилди. Уларни адабий жамоатчилик, яхши кутиб олди. Хусусан, Туроб Тўла, Ўзбекистон халқ шоирлари Нормурод Нарзуллаев, Ойдин Ҳожиева, Ҳалима Худойбердиева, Ҳабиб Саъдулла, профессор Исматулла Абдуллаев, мунаққид Иброҳим Ғафуровлар эътирофи диққатга сазовордир.
Дилбар – Москвадаги Максим Горький номли жаҳон адабиёти институтида таҳсил олган. Таҳсил давомида шоирамиз кўп миллат вакиллари билан дўстлашди. Бу дўстлашув Дилбар шеърларининг кўп тилларда қанот қоқишига асос солди. Араб, болгар, рус, арман, грузин, қозоқ, туркман, тожик, белорусь, украин шулар жумласидандир.
Хўш, Дилбарнинг шеърлари жозибаси нимада? Аёнки, самимият шеърнинг жон томиридир. Бу самимият тўйғуларга, ҳиссиётларга бой бўлса, буларга оҳорли ташбеҳлар, рамзлар, тимсоллар эш бўлса ва уларга чанқоқ тафаккур ёғдулари қўшилса нур устига нур бўлгай. Шоирамиз шеърларида шу жамулжамлик мужассам.
Шоирамиз шеърларида яна мени диққатимни тортган бир нарса бўлди, бу юрак соғинчлари, туйғулари. У ҳамиша кимнидир соғиниб яшайди. Асли ҳам шоир учун соғинч деб аталмиш туйғу илоҳийлик касб этади. Соғинч ҳамроҳ, ҳамроз бўлган юрак, шеърпараст юракдир. Соғинч туйғуси ўта «юқумли», мана шу юқумлилик мухлислар сонини оширади. Дилбарнинг мухлислари, ўлкамизнинг ҳар бир бурчида бор. Унинг «Ишқ сўқмоғи» китобини Нурота чўпонларининг қўлларида кўрганман. Мана бу шоирани танийсизми, деганларида, танийман десам, кўп бахтлисиз-да деб, «Марди отанинг деганлари»дан ўқиб беришганди:
 
Жаҳонгир Темурни куйга солмаса,
Созанда созини чалмаёқ қўйсин.
У ҳакда эшитиб ўйга толмаса,
Шоиринг шеърини ёзмаёқ қўйсин.
 
Асл ботирлари уйқуга кетган,
Оналари ҳамон пахта билан банд.
Ювуқсизлар ҳакда қасида битган,
Шоири бор элга ҳамма берар панд.
 
Қайта Улуғбеклар келмас дунёга,
Ёддан чиқар экан унинг хотири.
Оналар айланиб булбулгўёга,
Алласида айтсин элнинг ботирин.
 
Майсаларга тегсин она алласи,
Шудринг гул лабида айласин фарёд.
Шунда улғаяди қулликдан озод,
Ватанига эга ўзбек боласи.
(1988)
 
Дилбар шеърлари ребуснома, жумбоқлар, қуруқ хитоблардан холи. Бу унинг жаҳон шеъриятидан хабардорлигидан даракдир. Чин шоир қалби жаҳоний шеъриятга туташмас экан, унинг шеърларининг умри, қалам соҳибининг умридан қисқадир. Шоирлар ўз кўнгилларини нималарга қиёслашмаган. Тошқин дарёга, қуёшга, атиргулга... Мана бу сатрлар Дилбарнинг «Менинг кўнглим» шеъридан:
Менинг кўнглим дунёдаги
Ғарибларнинг ғариби.
Титрайвериб барг сингари,
Йўлларингда қариди.
 
Инсон руҳиятидаги фаслларнинг хилма-хил манзаралари. Киши табиатидаги покиза ҳиссий ҳолатларнинг, латиф туйғуларнинг, нозик диднинг самимий ифодалари. Гоҳ кўтаринки кайфият, гоҳ маҳзун кечинмаларнинг сатрларга кўчган наволари. Дилбарнинг «Кўнгил боғи» китобидаги шеърлар ўқувчи қалбида ана шундай ёғдули таассуротлар қолдиради. Сўнгги йилларда ёзилган шеърларнинг мавзуи ва мазмуни ранг-баранг. Булар асосан инсонга, диёрга меҳр-муҳаббат ва самимият билан йўғрилган. Шоиранинг тилаклари сидқидил:
Меҳр бизга мерос Одам Атодан,
Мурувват қолгандир Момо Ҳаводан,
Муҳаббат тўкилур қўшиқ наводан,
Ҳеч ким тўкилмасин қаторимиздан.
 
Шоир учун энг юксак туйғу — Ватан туйғуси. Ҳар қандай шоир аввало Ватанга, Ватан адабиётига хизмат қилади. Ўзи билан тенг нафас олаётган элу юртдошлари-нинг ғами, шодлиги билан ҳамоҳанг бўлади. Ватанга муҳаббат ва садоқат Дилбар шеърларида юқори пардаларда куйланган:
«Мен сенинг бошингмас тизингман Ватан
Гуллар ҳиди тутган изингман Ватан,
Ерга томган қонинг қизингман Ватан,
Сенинг осмонингда қуш бўлиб учай.
 
Ватан сўзи кўзларга ёш, дилларга қувонч бўлиб келган ҳамиша. «Ватан деган сўздан бошқа ғам емайлик» деган шоира эл-юрт корига ярашки, унга камарбаста бўлишини ўзи учун бурч ва бахт деб билади.
Дўстларим корига, Ватан корига,
Ярамоқ одатим, ярамоқ бахтим.
Айланиб элимнинг хизматкорига,
Яхшилик ишқида яшамоқ ахдим.
 
Ўз диёри, ўз халқи билан фахрланиш ҳисси шоиранйнг китобидан-китобига кўчиб юради. Ўзбекистоннинг пойтахти, Хоразму Термизи, Сирдарё-ю водийси, Самарқанду Бухороси бари-бари шеър бўлиб, шоира юрти Наманганга боғланади. «Хоразм дафтари», «Самарқанд дафтари», «Соғинч дафтари» ва ҳатто «Москва дафтари»нинг лейтмотиви ҳам Ўзбекистоннинг энг чет қишлоғи Каттамўғолга бориб тақалади.
Ватан остонадан, киши туғилиб ўсган ўлкадан бошла-нади. Ўз ўлкаси — шаҳар, қишлоқларига муҳаббат яхлит Ватанга бўлган Муҳаббатнинг ажралмас қисмларидир.
«Ўзбеклигингдан» шеъридаги «Меҳнатга қорилган бор зуволаси, Меҳрдан яралган элнимг боласи», «Ўзим айланайин ўзбеклигингдан» каби сатрлар ҳар бир кўнгилни ифтихорга тўлдиради. «Ватан», «Наманганлик», «Наманган мадҳи», «Шаҳанд», «Нечада ёшинг?» (Поп тавсифида) каби шеърларидан ҳам чуқур ғурур ҳиссини туямиз.
Ватан қадрини жаҳонгашталар билади. Дилбар жуда кўп хориж мамлакатларида бўлган ва шу боис ватан ҳақида соғиниб, соғиниб ёзади. Унинг учун, гўдак кўз ёшлари тўкилган илк тупроқ ватандир. Бу Ватан кейин кенгайиб Ўзбекистонга айланади. «Қаерга кетсам ҳам қайтиб келаман, кўзимни ёшини артиб келаман», бу бежиз эмас. Чин шоирлар учун бешик биринчи илҳомдир. Яна бир таъкид-лаш лозим томони, она ардоғига бағишланган шеърлари. Шоира онани «шарқираган сойим», «осмондаги ойим», «яхшиликка кон», «савлатимсиз», «давлатимсиз», дея ардоқлайди. Онага бўлган меҳр-муҳаббатни самимий ва мафтун-кор сатрларда куйлайди.
Онамнинг оёғига бошимни қўйсам бугун,
Жаннатнинг ҳидларидан кўзларимга ёш келди.
Дунёларни унутдим, ғамни унутдим бутун,
Онамга сиғингани кўкдаги қуёш келди.
 
Дилбар мухлисларига лирик шеърлари билан ардоқли. Кейинги йиллардаги гўзал ғазаллари уни мумтоз адабиётдан хабардорлигидан дарак бермокда.
«Аё, жоним ёнар ўтда, куйдирди ёр таманноси»,
«Лабларининг зарби бўлмиш жаҳон булбулин савдоси»,
 
ёки
Жонимга жон ато қилади танбур,
Ғамимни ҳам сато қилади танбур.
Ишқининг олови куйдирди мани,
Ўтда ёниб хато қилади танбур.
Бу каби ғазалларида нафосатга, санъатга ошиқлик намоён бўлади. Шу билан бирга қалби очиқ, садоқатли инсонларга бўлган сидқидил эҳтиромини ҳам гўзал байтларга кўчиради:
Ҳар чаманга, ҳар гиёҳга,
Меҳрибон бир чаман бўлса,
Ўзбекистонниг боғлари,
Сиздай боғбонга кон бўлса.
Сиз чин дўстсиз, садоқат-у
Вафо бобида танҳосиз,
Элдан олдин ҳол сўрайсиз,
Дўстнинг ҳоли ёмон бўлса.
 
Инсон маълум бир умрга етганда, айниқса шоир бир ортига қайрилиб, босиб ўтган йўлларига назар ташлайди. Дилбар ҳам мана шундай умрни яшади. Бугун туғилган кунида Дилбар шоирамизни Дилбар мухлислари ҳам табриклашига ишонаман.
Азим Суюн.
 

Биз Twitterда