Попда 4000 тонна лимон етиштириб, 4 миллион долларлик экспорт қиладиган иссиқхона қурилиши бошланди

Попнинг Ўзбекистон маҳалласидаги 50 гектар ўзлашмаган ер майдонида лимончиликни ривожлантириш мақсадида иссиқхоналар барпо этилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 65 миллиард сўм бўлиб, бунинг 50 миллиард сўми “Туронбанк” томонидан ажратилган кредитлар ҳисобидан, қолган 15 миллиард сўми эса 50 нафар ташаббускор томонидан (ҳар бир ташаббускорга бир гектардан) қопланади.
 
 
Лойиҳа жорий йил учинчи чорагида ишга туширилади. Иссиқхоналар фаолият кўрсатишни бошлаганидан сўнг бу ерда 500 та янги иш ўрни яратилади. Учинчи йилдан сўнг 2, 5 минг тонна, лимон кўчатлари тўлиқ ҳосилга кирганидан кейин эса 4 минг тонна ҳосил олиниши кутилмоқда.
Етиштирилган лимон маҳсулотлари тўлиқ экпортга йўналтирилиши ҳамда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон давлатларига юборилиши, бунинг ортидан йилига 3,5-4 миллион долларлик экспорт амалиётлари бажарилиши кўзда тутилмоқда.
Бу ерга қўшни “Обиҳаёт” маҳалласида Root Stem МЧЖ томонидан 15 гектар ер ўзлаштирилмоқда. Бундан 5 гектарида лимончилик иссиқхонаси, 8 гектарида эса интенсив боғ ташкил этилади. Иссиқхона лойиҳаси учун 1,2 миллион доллар сарфланади. Бу маблағ эвазига Туркиядан тўртинчи авлод технологияси асосидаги конструкциялари харид қилинади. Куни кеча 250 минг долларлик илк конструкциялар Попга етиб келди.
 
 
МЧЖ директори Тўлқинжон Назаровнинг айтишича, лойиҳа 2020 йил охирига қадар ишга туширилади ва бу ерда 30 та муқим иш ўрни яратилади. Лимон кўчатлари ҳосилга кирганидан сўнг йилига 600 тонна ҳосил олиниши ва 600 минг долларлик экспорт қилиниши режалаштирилмоқда. Унгача эса лимонарийга булғор қалампири экилади.  
— Бундай лойиҳалар билан кўп мақсадларга эришяпмиз. Биринчидан, қаровсиз ва тошлоқ ерлар ўзлаштириляпти. Иккинчидан, аҳоли, хусусан, кам таъминланган оилалар вакиллари иш билан таъминланяпти. Учинчидан, туманнинг экспорт салоҳиятига салмоқли ҳисса қўшилмоқда, — деди Хайрулло Бозоров.
 
 
Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Поп туманида барпо этилаётган замонавий иссиқхоналар билан танишиб, рамзий қозиқ қоқиш маросимида иштирок этди.
Иссиқхоналар аҳоли бандлигини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Биз Twitterда