Пахта экспортига чек: Уни тўлиқ ўзимизда қайта ишлаймиз

Article
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги «2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори енгил саноат соҳасида янги имкониятлар эшигини очди, дея ёзади ЎзА. 
Мамлакатимизда 1991 йилда пахта толасини қайта ишлаш ҳажми 7 фоиздан ошмаган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 40 фоизгача ўсди. Бугунги кунда тармоқ корхоналари маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларини жаҳондаги 50 дан зиёд мамлакатга экспорт қилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда Бразилия, Чили, Хорватия, Нигерия каби давлатларга енгил саноат маҳсулотларининг экспорти йўлга қўйилди. 
Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилга бориб, пахта толасидан ишлаб чиқарилган ип-калава маҳаллий корхоналарда тўлиқ қайта ишланади. Натижада тўқимачилик ярим тайёр маҳсулотлари экспортининг кескин қисқаришига ва ташқи бозорларга етказиб берилаётган тайёр маҳсулотлар ҳажмининг 2,1 баробарга ошишига эришилади. 
– Мазкур дастур 2020 йилга қадар юртимизда етиштирилган пахта толасини тўлиқ қайта ишлаш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини 2,7 баробардан кўпроққа ошириш ҳамда ички ва ташқи бозорга етказиб беришни назарда тутади, – дейди “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи ўринбосари Санжар Тўхтаев. – Бу енгил саноат тармоғининг янги рақобатбардош қиёфасини яратиш ва жаҳон савдо майдонларига ишончли кириб боришимизни таъминлайди. 
Дастур доирасида 2017-2020 йилларда соҳага 2,2 миллиард доллардан ортиқ маблағ (шунинг деярли ярми хорижий инвестиция) жалб қилинади. Инвестицион лойиҳалар тўрт босқичли тизим асосида пахта хомашёсини қайта ишлаб, тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқаришга ихтисослашган махсус тўқимачилик комплекслари ва 27 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратишга хизмат қилади. Шунингдек, 120 янги корхонани ташкил этиш ва ўндан ортиқ ишлаб чиқариш корхонасини модернизация қилиш режалаштирилган. Демакки, барча ҳудудларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари яратилади. – Тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштиришда иш ўринларига талаб юқори бўлган ҳудудлар танлаб олинган, – дейди С.Тўхтаев. – Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Шеробод туманлари, Сирдарёнинг Гулистон, Сайхунобод, Жиззахнинг Ғаллаорол, Жиззах, Қашқадарёнинг Яккабоғ, Шаҳрисабз, Наманганнинг Учқўрғон, Поп, Самарқанднинг Оқдарё, Ургут, Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли, Чимбой туманлари шулар сирасидандир. Лойиҳаларда аввало ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша жойнинг ўзида тўлиқ қайта ишлаб, юқори қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда ҳудуд аҳолисининг реал даромадларини ошириш назарда тутилган. 

 

Биз Twitterда