Наманганлик тадбиркор қуён боқмоқда: гўшти, юнги, ҳатто гўнги ҳам катта пул!

 
«Ажойиб хаёлпараст» кинофильмини қизиқиш билан томоша қиладиганлар жуда кўп. Буни ўқиб ҳойнаҳой, фильм қаҳрамони Ҳасан кўз олдингизда гавдалангандир. Кўп пул топиб, бойиб кетишни ният қилган хаёлпараст хаёлида янги уй, янги машина, янги дўстлар... Эҳ-е... Қуёнчилик ортидан нималарни орзу қилмайди, дейсиз.
Мақоламиз қаҳрамони эса фильмдаги Ҳасан сингари хаёлий орзулари билан эмас, балки аниқ мақсад сари интилган омилкор йигитлардан. Чустнинг Ахча қишлоғилик Қиличбек Боқижонов тадбиркорликни ният қилди. Отаси Абдурашид ака унинг ташаббусини қўллаб -қувватлади. Ўтган йили «Олтин қуён» агрофирмасини ташкил қилиб, дастлаб 110 та қуён билан иш бошлади. Бугун эса уларнинг сони 500 тага етди.
- Қуён бошқа хўжалик ҳайвонларидан тубдан фарқ қилади. Уларнинг хусусиятларини тўғри тушуниб олиш ва парваришда қоидаларга риоя қилиш сифатли қуён гўшти ишлаб чиқаришда муҳим омил ҳисобланади, - дейди ёш тадбиркор. - Шунинг учун доимо мутахассислар кўмаги ва маслаҳатларига таянаман. Айниқса, Тошкент Давлат аграр университетининг зоотехник ва ипакчилик факультети катта ўқитувчиси Шокиржон Маматаминов бу борада яқиндан ёрдам бермоқда.
Италиядан келтирилган миттивойлар "оқ великан" зотдор қуёнлари ҳисобланади. Бу жонзотларнинг афзаллиги шундаки, улар тез етилади. Етмиш кунлик қуён 5-6 килограмм гўшт беради. Уларнинг юнги қимматбаҳо ҳисобланиб, сифатли терисидан келадиган даромад гўштиникидан асло кам эмас. Ҳатто, гўнги ҳам қимматли ўғит саналади.
Қуёнлар саломатлигига масъул ветеринар Зафаржон Мажидовнинг бу борадаги фикри билан қизиқдик.
-Бир дона она қуён бир йилда саккиз марта саккизтадан ўн саккизтагача болалайди. Яхши насл олиш мақсадида бир йилда тўрт маротаба урчитамиз.
Демак, бир дона она қуён бир йилда тўрт марта, ўртача ўнтадан болалаганда бир йилда 40-50 тага кўпаяди. Бу эса тармоқнинг нақадар сердаромад эканлигидан далолат. Дарвоқе, мутахассисларнинг маълумотларига кўра қуён гўштидаги оқсил миқдори қўй, мол гўштларига нисбатан юқори, витамин ва минераллар таркибига кўра барча гўшт турларидан устун туради. Бу маҳсулот консерва қилинганда ҳам, дудланганда ҳам ўз сифатини сақлаб қолар экан.
Айни пайтда беш нафар тенгдошини иш билан таъминлаган Қиличбек агрофирмани янада кенгайтириб, янги иш ўринлари яратиш ва давлатимиз иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида фақат олдинга одимламоқда.
Шоҳида ДАМИНОВА

Биз Twitterда