Наманган балиқчилик хўжаликлари Кореяда қатор ҳамкорлик шартномалари имзоладилар

 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги ПҚ-4005-сонли “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Наманган вилояти делегацияси 20 октябрдан бери Корея Республикасида бўлиб турибди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
“Наманган балиқсаноат” МЧЖ ҳамда вилоятдаги қатор балиқчилик хўжаликлари раҳбарларидан иборат делегация ташриф давомида Корея Республикасининг турли провинцияларида бўлиб, карп, камбала, форель каби кўплаб балиқ турларини интенсив етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашнинг замонавий технологиялари, балиқларни маҳаллийлаштириш усуллари, балиқ етиштириш учун сув ҳавзалари қуришнинг тежамкор технологиялари, балиқчиликда ветеринария ютуқлари борасида илғор тажрибалар билан танишдилар.
 
 
Ташриф доирасида Жанубий Корея Ички сувлар илмий-тадқиқот институтида янги балиқ турларини етиштириш, зотини янгилаш, уларни маҳаллийлаштириш, касаллигининг олдини олиш, юқори протеинга бой грануланган озуқасини ишлаб чиқариш, аквакультура масалалари бўйича учрашув ўтказилди. Наманган вилоятидаги балиқчилик хўжаликлари мутахассисларига малака ошириш семинари ташкил этиш учун ушбу институт олимларининг Наманганга келиши юзасидан келишувга эришилди.
Делегациясининг ташрифи чоғида кореялик ҳамкорлар билан қатор келишув ҳамда шартномалар имзоланди. «Наманган балиқсаноат» МЧЖ билан Корея форель етиштирувчи фермерлар Ассоциацияси ўртасида имзоланган қиймати 1,1 млн. АҚШ долларига тенг ҳамкорлик меморандуми доирасида Наманган вилоятида ёпиқ сув ҳавзаларида форель балиғи етиштириш бўйича келишувга эришилди. Меморандум шунингдек, лаборатория ҳамда инкубация цехи қуриш, чавоқ чиқариш, балиқни қайта ишлаш, ташиш, сақлаш, музлатгич ўрнатиш, сув ҳавзалари ташкил қилиш махсус техникаси билан таъминлаш масалаларини ҳам ўз ичига олади.
 
 
Кореянинг «Leaders international Co ltd» компанияси билан Наманган вилоятининг 4 та (Норин туманидаги Gold fishing, Поп туманидаги Navbahor fish ва Ilhob baliq, Мингбулоқ туманидаги Buzrukxonov Boburhon) фермер хўжалиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шунингдек, Чонсон провинциясидаги «Rainbow Trout» форель балиқчилиги корхонаси билан Норин туманидаги Голд Фишинг балиқчилик ф/х ўртасида Наманганга 2,0 млн. АҚШ долларидан зиёд инвестиция киритиб, интенсив усулда форель балиғи етиштириш бўйича ҳам ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
 
 
Имзоланган ҳужжатлар орасидан Кореяда ишлаб чиқариладиган қиймати қарийб 1,2 млн. АҚШ долларидан зиёд балиқ ташиш, ҳавза қазиш, грануланган балиқ еми ишлаб чиқариш техника ва технологиясини харид қилиш бўйича ҳам шартнома ҳам ўрин олди.

Биз Twitterда