Карманалик тадбиркор 15 килограммлик қуён боқмоқда. Ҳар бири ойда 15 та болалайди

Article
Навоий вилоятида қуёнчиликни ривожлантириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш ва ушбу йўналишда ихтисослашган кўп тармоқли агрофирмалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Кармана туманидаги “Қўрғон дала” агрофирмасида Италиядан келтирилган наслли оқ великан зотли қуёнлар парваришланмоқда деб ёзади Уза.
– Ўтган йили май ойида ташкил этилган хўжалигимизга дастлаб 104 зотдор қуён келтирилган эди, – дейди агрофирма раҳбари Алишер Қобилов. – Шу қисқа вақтда улар сони 2 мингга етди. Ҳар бир қуён камида 15 килограммгача тош босади. 
Изланувчан фермер наслли қуёнларни парваришлаш сирини қисқа фурсатда ўзлаштирди. Хона ҳарорати мўътадиллигини таъминлаб, вақти-вақти билан ҳавосини алмаштирди. Кичик лаборатория ташкил этиб, қуёнларни сунъий урчитишни йўлга қўйди. Агрофирма раҳбарининг таъкидлашича, қуёнлар 28 кунда 15 тагача болалайди. 
Махсус озуқа билан парваришланаётган қуёнларни маҳаллийлаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Тадбиркор юртимизда қуёнчиликни ривожлантиришга қизиққан аҳолига наслли қуёнлар етиштириб бермоқда. 
Қуёнлар олинадиган маҳсулотга қараб икки гуруҳга ажратилади – гўшт учун, териси учун. Гўштининг биологик қиймати, юмшоқлиги, ёғ ва холестерин моддаси камлиги ҳисобга олиниб, тиббиётда аллергия, гипертония, ошқозон-ичак, меъда, ўт-пуфак, жигар касалликларини даволашда фойдаланилади. Қуён момиғидан тайёрланган ашёлар даволовчи хусусиятга эга бўлиб, неврология, радикулит билан оғриган беморларга тавсия этилади. Қуён момиғи иссиқни сақлаш хусусиятига кўра қўй жунидан 10 баробар афзалдир. 

Биз Twitterда