Етакчи япон компаниялари Наманган қишлоқ хўжалигига сармоя киритади

 
Япония табиий ресурсларга бой бўлмасада, уларни қайта ишлаш бўйича энг илғор мамлакат ҳисобланади. Худди шундай тенденцияни қишлоқ хўжалигида ҳам кузатиш мумкин. 
Мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган “Higashumaru Internationаl Corporation”нинг йиллик савдо айланмаси ҳозирда 110 миллион долларни ташкил этмоқда. 
Ушбу компания Ўзбекистонда 10,0 млн. долларлик мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва чет давлатларга  экспорт қилиш истагида. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Наманган вилояти делегация аъзолари компания вакиллари билан учрашув ўтказиб, ўз тақдимотларида вилоятда етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, хорижий инвесторларга яратиб берилаётган имкониятлар, мавжуд имтиёзлар билан таништирдилар. 
 
 
Қайта ишлаш ва экспорт лойиҳаларини Наманганда амалга ошириш таклифи берилди. Маҳсулотларини етиштириш учун Янгиқўрғон, Чортоқ ёки Косонсой туманидан, қайта ишлаш учун  эса  солиқ ва божхона имтиёзларига эга “Наманган" эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан ер майдони ажратилиши маълум қилинди. Бу таклиф “Higashumaru Internationаl Corporation” компаниясига  маъқул келди. Японияликлар декабрь ойи охирида истиқболдаги режани муҳокама қилиш учун Наманганга ташриф буюрадиган бўлдилар.
Шунингдек, Япониянинг мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи ускуналарни ишлаб чиқариш ҳамда мева-сабзавотни улгуржи савдоси билан шуғулланувчи “Interactive corporation” компанияси раҳбари Шоичи Ямада билан ҳам учрашув ўтказилди. 
 
 
Делегация раҳбари Окибжон Инамов бундай замонавий ускуналар вилоят ишлаб чиқарувчилари учун зарурлигини таъкидлади. Наманганда ҳамкорликда хорижий корхона ташкил этиш ҳамда компания ускуналарини янги ташкил этилган қўшма корхона балансига инвестиция тарзида киритиб, корхона томонидан Япония давлатининг қатъий талабларига мос тарзда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, унинг экспортини йўлга қўйиш таклифи берилди. Ушбу таклиф жаноб Ямада томонидан ижобий қабул қилинди ва лойиҳани амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Биз Twitterда