Ибрат ҳақидаги изланишларимиз давом этиши зарур

 
Қатағон даври – тарих ва миллат қалбидаги жароҳат, у ўзбекнинг жонига ўн йиллаб азоб берди. Дардга дармон бўлувчи, малҳам қўювчи бир замон бўлгани йўқ.
Ватан ва халқ истиқлоли ана шундай доруломон замонни жафокаш элга бахш этди. Айни чоғда миллий тарихимизга, кечаги нурли ўтмишга, қайғули кунларга, қадриятларимизга, маънавиятга эътибор тобора кучаймоқда.
Жумладан, шоир-ёзувчиларнинг, миллий уйғониш даври намояндаларининг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг маънавий меросини оммалаштириш, юбилейларини ўтказиш, асарларини чоп этиш давр талабига айланди. Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия, Усмон Носир каби улуғлар таваллудининг юз йиллиги умумхалқ тантанасига, маънавият байрамига айланиб кетгани эсимизда. Муҳтарам Президентимизнинг 2016 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги Қарорига биноан мамлакат миқёсида ўтказилган юбилей тантаналари адабиётга, шоирга эҳтиромнинг улуғ намунасидир.
Исҳоқхон Ибрат таваллудига 2017 йили бир юз эллик беш йил тўлажагини эслатиб ўтиш ҳам ўринли деб ўйлаймиз.
Эндиликда шаҳидлар фожиасини тадқиқ этиш, халқ бошига тушган қатли омлар моҳиятини ўрганиш учун кенг йўл очилдики, бу тарихни қалбан англаш баробарида, бугунни эъзозлашга ва ҳамиша огоҳ бўлишга даъватдир. Лоқайд ва бепарво бўлишга ҳаққимиз йўқ.Негаки, «бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Чунки душманнинг кимлиги, асл қиёфаси сиз учун олдиндан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини бирданига билиб бўлмайди. Шунинг учун у ичингизда юриб, сизга қарши тиш қайрайдиган душманлар учун имконият яратиб беради. Чунки уларда на иймон, на ирода бўлади. Улар ҳатто ўз халқи ва Ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек қарайди» (Ислом Каримов.“Юксак маънавият – енгилмас куч”, 2008 йил).
Саид Аҳмаднинг, Шукруллонинг, Рустамбек Шамсутдиновнинг, Алиназар Эгамназаровнинг, Мансурхўжа Хўжаевнинг, Қаҳрамон Ражабовнинг, Алишер Ибодиновнинг ва бошқаларнинг айни мавзудаги қатор асарлари, Ҳабибулло Қодирийнинг ўз отаси (Абдулла Қодирий), Нодира Рашидованинг эса тоғаси (Усмон Носир) ҳақида ёзганлари, шунингдек, жувонмарг юртдошларимизнинг эълон қилинаётган “айбномалари” (тергов ҳужжатлари) қалбларни сирқиратади. Замонамиздаги ошкоралик муҳити берган имкон туфайли бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Лекин ҳали қатағон қурбонлари мавзуси узоқ ва чуқур ўрганилажаги аён.
Исҳоқхон Ибратнинг ҳам ҳаёти, ижоди ва фожиаси юзидаги парданинг бир чети очилган холос. Бундай хулосага жиддий асосларимиз йўқ эмас.
Аввало, Ибрат Фарғона водийсидаги илк матбаачилардан бири эдики, у ушбу янгиликни Оренбургдан олиб келган. Хўш, унинг мазкур сафари қандай кечган? Оренбургда бунинг излари йўқмикан?
Иккинчидан, Исҳоқхон тўра қарийб ўн йил ажнабий мамлакатларда (Европада, яқин Шарқ ва Жанубий Осиёда) истиқомат қилган. Унинг ўша юртлардаги ҳаёти ҳақида ҳам сўраб-суриштириш фурсати келмаганми? Умри қаламга ошноликда ўтган ва етти тилдан бохабар Ибратнинг асарлари ана ўша замоннинг хорижий нашрларида ҳам чоп этилган эмасмикан?
Учинчидан, Ибрат – “халқ душмани”, айбсиз айбдор, етмиш беш ёшида ҳибсга олиниб, авахтага ташланган ва турмада дунёдан ўтган жабрдийда эди. Модомики шундай экан, уни ҳам сўроққа чақиришган, кимдир гувоҳлик берган бўлса, кимдир қийноққа солган. Бинобарин, ўша “айбнома” ҳам қаердадир турган бўлса, ажаб эмас. Қанийди, пинҳон саҳифалар ошкоралик мулкига айланса, китобларда чиқса.
Ваниҳоят, Наманган вилоятида, алалхусус, Тўрақўрғонда мавлоно Ибратни лоақал болалик чоғларида кўриб қолган тирик шоҳидлар оз бўлса ҳам топилади. У зоти шарифнинг набиралари борки, уларнинг эшитган-уққан хотиралари мутлақо асқатиши мумкин.
Бу гаплар шунинг учунки, тарих – онамиз, уни эъзозлаш – бурчимиз. Қолаверса, хотира – уйғонса гўзал. Археологлар ер тубидаги маданий қатламларни эъзоз билан титкилаб, мозийнинг тилсиз гувоҳларини эринмай излаганлари олдида бир шаҳид бобонинг эл оғзидаги эсдаликларини ахтариш иш эканми?.. Бу борадаги ҳаракатларимиз ҳали тўхташи мумкин эмас, Ибрат ҳақидаги изланишларимиз давом этиши зарур, албатта.
Расулбек УММАТОВ

Биз Twitterда