"Фатиҳ Трактор" бизнес йўли: Ишлаб чиқариш эски омборда, ишчилари сони бор-йўғи 10 та... Ўзбекистонда завод қурмоқчи...

 
Куни кеча матбуотда Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида Туркиянинг FSM Traktör компанияси бошқаруви раиси Эрдоған Ўрен билан учрашув бўлиб ўтгани, унда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда турк компанияси иштироки масаласи кўриб чиқилгани ҳақида хабарлар чиқди.
Бундан атиги 4 йил аввал “Фатиҳ Трактор” маркаси остида тракторлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бу фирманинг фаолияти, аслида ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган кўплаб тадбиркорлар учун маҳорат мактаби бўлиши мумкин десак, муболаға эмас.
25 йилдан бери тракторсозлик соҳасининг ичида бўлган, ишни трактор сотиш фирмасида оддий ходимликдан бошлаган Эрдоған Ўрен 2003 йилда бу ердан айрилиб, JohnDeere тракторларининг бир вилоятдаги дистрибьюторлигини олади. 2013 йилда эса ўзи трактор импорт қилишга бошлайди. 2014 йилда эса, трактор ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.
 
 
Бугун Осиё ва Африка қитъаларидаги 6 мамлакатга экспорт қилинаётган “Фатиҳ Трактор”лар Текирдоғ вилоятидаги эски бир омборхона ўрнида, 10 та ишчи билан ишлаб чиқарилади. Асосий бутловчи қисмлар маҳаллий, баъзилари хориждан келтирилади. Тўрт йилда жами 500 та трактор ишлаб чиқарилган бўлиб, барчаси экспорт қилинган! 2019 йилда эса 2000 та трактор ишлаб чиқаришни режа қилинмоқда. Ўзбекистон билан бирга, Эроннинг Табриз шаҳрида ҳам маҳаллий трактор ишлаб чиқариш корхонаси билан ҳамкорликда “Фатиҳ Трактор”ларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Биз Twitterда