Фарғонада 139,7 млрд. сўмлик банк кредити эвазига 4500 дан ошиқ янги иш ўрни яратилмоқда

Фарғона вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан мева-сабзавотчилик, асаларичилик, балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, чорвачилик, эчкичилик, терини қайта ишлаш ҳамда узумчилик соҳаларини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.
Таъкидлаш жоизки, қишлоқ хўжалигининг 9 та соҳасини ривожлантириш бўйича жорий йилда вилоятда 481 та лойиҳаларни ишга тушириш белгиланган. Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун 240 млрд. сўм талаб этилиши ҳисоб-китоб қилиниб, унинг 139,7 млрд. сўми тижорат банклари кредит маблағлари ҳисобига рўёбга чиқарилиши режалаштирилди. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши вилоятимизда 4533 та янги иш ўринлари яратилишини таъминлайди. Бу ҳақда Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Ҳозирги кунгача қарийб 100 та лойиҳа амалиётга жорий этилиб, биргина қорамолчилик тармоғида ҳаётга татбиқ этилган лойиҳалар 63 тани ташкил этди. Сабзавотчилик соҳасида 13 та лойиҳа амалга оширилган бўлса, паррандачилик ва узумчилик йўналишларида 9 тадан лойиҳалар рўёбга чиқарилди. Ўз навбатида асаларичилик, балиқчилик ва терини қайта ишлаш бўйича ҳам лойиҳалар амалга оширилиши таъминланди. Бунинг учун 42,2 млрд. сўм маблағлар сарфланиб, 750 га яқин янги иш ўринлари яратилди.
Шу кунларда вилоятда 2017 йилда мева-сабзавот маҳсулотлари этиштиришни кескин кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар Дастури доирасидаги муҳим юмушлар ижросига киришилган. Бу йил Фарғонада 2 млн. 405 минг тонна мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари этиштириш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда фермер, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томонидан экинларни экиш ва парваришлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, вилоятда мева-сабзавот маҳсулотларини йиғиш, қайта ишлаш, сифатли қадоқлаш, сақлаш имкониятига эга бўлган 3 та логистик марказлар барпо этилиши кўзда тутилаётгани ҳам эътиборга сазовордир.
Жорий йилнинг ўзида узумчилик йўналишида 29 та лойиҳа доирасида 157 гектар узумзор барпо этиш режалаштириляпти. Биринчи чоракнинг ўзида 9 та узумчилик хўжаликлари ташкил этилди. Айни кунларда вилоятда барча тоифадаги узумзорлар майдони 6887 гектарга этди. Шундан 6141 гектар майдонда хўраки, 21 гектарда кишмишбоп ва 725 гектарда саноатбоп турдаги узум навлари парваришланмоқда.

Биз Twitterда