"Дамбоғ", "Дипломат", "Файз" – Наманган пойафзал брендлари дунё бозорларини эгалламоқда

Халқимизда “Дўст бошга, душман оёққа қарайди”, деган мақол бор. Бунинг замирида шундай маъно борки, чин дўст ўз дўстининг боши омон бўлишини тилайди, бошини асрашини истайди, аҳвол-руҳиясини бош кийимига қараб билиб олади. Ғанимнинг оёққа қарашидан мақсади эса оёқдан чалиш бўлади. У юпунроқ пойафзал кийган киши ҳам моддий, ҳам жисмоний жиҳатдан заифроқ бўлиши мумкинлигини, зеро аксарияти бедаво дардлар оёқнинг шамоллашидан келиб чиқишини яхши билади.
 
 
Бир замонлар айрим вилоятлардаги базўр фаолият кўрсатадиган бир-икки фабрика, маиший хизмат кўрсатиш уйлари қошидаги “косибхона”ларни демаса, Тошкентда биттагина пойафзал чиқарадиган фабрика бўлар эди, холос. Бугун вилоятимизнинг ўзида саноат ишлаб чиқаришининг бу йўналишида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Дамбоғ пойафзал савдо”, “Файз пойафзал савдо”, “Дипломат классик савдо” сингари ўнга яқин корхоналар ва юздан зиёд хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатаётгани, мазкур корхоналар томонидан импорт ўрнини босувчи, юқори сифатли, хушбичим оёқ кийимлари ишлаб чиқарилаётгани мисолида мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг самараларини яққол кўриш мумкин.
Наманган шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Diplomat poyafzal sanoat savdo” масъулияти чекланган жамияти ҳам барқарор ривожланиш йўлидаги бораётган барқарор шундай корхоналар сирасига киради. Тадбиркор Аҳмаджон Ҳожимирзаев ташаббуси ва таъсисчилар томонидан шакллантирилган 120 миллион сўмдан зиёд низом жамғармаси билан 2010 йилда ташкил этилган мазкур корхонага ҳам бир вақтлар Дамбоғ маҳалласи гузаридаги мўъжазгина хонада, оддий қўл меҳнати билан оёқ кийимларни таъмирлайдиган косибчилик устахонаси асос бўлган десак хато бўлмайди. У ерда Аҳмаджоннинг укаси Носиржон Ҳожимирзаев хусусий тадбиркор мақомида ҳунармандлик қилар эди.  Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш йўлида яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлардан руҳланган Носиржон 2008 йилда “Дамбоғ пойафзал савдо” корхонасини ташкил қилган эди. Қисқа вақт мобайнида мазкур корхона ўзининг сифатли маҳсулотлари билан мамлакатимиз ички бозорида ўз ўрнини топди. У ерда ишлаб, тажриба орттирган Аҳмаджон ҳам шундай бизнес лойиҳага қўл урди. Қарабсизки, орадан икки йил ўтар-ўтмай яна бир пойафзал тайёрлашга ихтисослашган кичик бизнес субъекти – “Diplomat poyafzal sanoat savdo” ўз фаолиятини бошлади.
– Юртимизда тадбиркорлик фаолияти учун яратилган кенг имкониятлар табиатида жиндай бўлса-да ишбилармонлик фазилати бор киши учун ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришида катта далда бўлмоқда, – дейди А. Ҳожимирзаев. – Буни ўз ҳаётий тажрибамда кўриб, қатъий ишонч ҳосил қилдим. Илгари шундай корхона эгаси бўлишни тасаввур ҳам қилолмас эдим. Бугун эса маҳсулотига қўшни давлатлар ҳам қизиқиш билдираётган замонавий корхона эгасиман.
Корхонада дастлаб олти киши иш билан таъминланган ва атиги беш-олти турдаги эркаклар туфлилари ишлаб чиқарила бошлаган. Ўтган қисқа вақт мобайнида тадбиркор корхона цех учун олган эски биносини даромад ҳисобидан замонавий андозада реконструкция қилиш, офис, ишловчилар учун ошхона, қўшимча тикув цехи, омборхона, ўзининг махсус савдо дўкони қуриш каби кўплаб лойиҳаларни амалга оширди. Россия ва Хитой давлатларида ишлаб чиқарилган энг илғор технологиялар ва дастгоҳлар келтириб  ишлаб чиқаришни модернизациялаштирди.
Ҳозирда корхонада йигирмадан зиёд киши муқим иш билан таъминланган. Мутахассисларнинг аксариятини касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар ташкил қилади. Бундан ташқари корхонада уста-шогирд тамойили ҳам анъанага айланган. Йилига ўнлаб шу соҳага қизиққан ёшлар мактаб, коллеждаги ўқишдан бўш вақтларида малакали усталардан ҳунар сирларини ўрганиб, хусусий тадбиркорлик йўналишида иш бошламоқда.
Бугунги кунда   “Diplomat poyafzal sanoat savdo”да тайёрланаётган мавсумбоп, яъни баҳор, ёз, куз ва қиш фаслларига мўлжаллаб тайёрланаётган юқори сифатли, хушбичим пойафзалларнинг тури 60 дан ошиб кетди. Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам тобора ўсиб бораётир. Ўтган йили мазкур корхона томонидан саккиз юз миллион сўмликка яқин маҳсулот ишлаб чиқарилиб мамлакатимиз ички истеъмол бозорига етказиб берилди.
– Ҳозирда маҳсулотимизни экспортга чиқариш устида ҳам изланишлар олиб бораяпмиз, – дейди А.Ҳожимирзаев. – Қозоғистон, Тожикистон, қирғизистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ишлар бошланган. – Бу борада маҳсулот сифати муҳим аҳамият касб этишини ҳисобга олиб, тегишли лойиҳаларни амалга ошириш учун  “Асака” банкнинг 200 миллион сўм кредит маблағидан айланма маблағ сифатида фойдаланиб келаяпмиз. Президентимизнинг  2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони ва ҳукуматимизнинг бир қатор қарорлари фаолиятимизни ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
              Акрамжон САТТОРОВ

Биз Twitterда