АҚШга ишонч йўқ: Немислар олтин заҳираларини Америкадан қайтариб олишмоқда!

Article
Германия раҳбарияти мамлакатнинг олтин заҳирасини хориждан қайтариш жараёнини тезлатиб юборди. 2016 йилда Германия Федератив Республикасининг АҚШ Федерал заҳира банки ва Франция марказий банкида сақланаётган 200 тонна қимматбаҳо металли Берлинга олиб келинди, дея ёзади Bild.
“Бу режалаштирилганидан анчагина кўп”, - дейди Бундесбанк раҳбари Йенс Вайдман. Лекин у бундай шошилишнинг сабаби нима билан боғлиқ эканлигини очиқламади. Вайдман сўзларига қараганда, 3400 тоннани ташкил этувчи Германия олтин заҳирасидан деярли тенг ярми мамлакат ичида сақланмоқда. 2015 йилда Бундесбанк 210 тонна, 2014 йилда 119,7 тонна, 2013 йилда эса 36,6 тонна олтинни Америкадан қайтариб олганди.
Германия олтин заҳираларининг асосий қисми ҳозирга қадар Нью-Йорк Федерал заҳира банкида сақланади. Ҳорижда сақланаётган заҳираларни қайтаришга 2012 йилда қўл урилганди. Ўшанда Америка банкларининг мамлакатда сақланаётган чел эл заҳираларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётгани тўғрисидаги миш-мишлар тарқалганди. Шундан сўнг Германия Федерал аудиторлар суди Нью-Йорк Федерал заҳира банкидан мамлакат олтинларини инвентаризация қилишни талаб қилганди. Бу муаммо глобал тус олаётган пайтда ҳукуматлар даражасидаги пинҳона музокаралар можаронинг ёпилишига замин яратганди. Немислар барибир ишончни йўқотишди ва тиллаларни қайтаришни бошладилар.
Германиядан сўнг Голландия ҳам АҚШдан олтин заҳираларини қайтариб олиш истагини билдирди. Америкаликлар голландларнинг текширув талабларини рад этганидан сўнг, 2016 йил бошида улар 100 тонна олтинни қайтаришга эришдилар
АҚШ жаҳоннинг энг кўп олтин заҳирасига эга давлати ҳисобланади. Унинг заҳирасида 8 минг тоннадан кўп қимматбаҳо металл мавжуд. Германия эса 3,38 минг тонна билан иккинчи ўринда туради.
Шуни таъкидлаш лозимки, иккинчи жаҳон уруши пайтида ва ундан кейинги даврларда АҚШ дунё олтин заҳирасининг ярмидан кўпини ўз омборларига киритиб олишга муваффақ бўлган. Ўшанда нотинч Европанинг аксарият олтинлари сақлаш учун Америкага ишониб топширилган. Бунинг натижасида эса АҚШ долларини жаҳон валютаси даражасига олиб чиқишга эришдилар. Доллар қудрати туфайли Америка бутун дунё иқтисодиётига ўз таъсирини ўтказиб келмоқда.