Юртимизда тўртта янги эркин иқтисодий зоналар ташкил этилади

Article
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 январда «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Фармонга кўра, ташқи бозорларда талаб катта бўлган, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган минерал-хомашё ва қишлоқ хўжалиги ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитларни яратиш, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш мақсадида Самарқанд вилояти Ургут туманида – «Ургут», Бухоро вилояти Ғиждувон туманида – «Ғиждувон», Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида – «Қўқон», Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида – «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини (кейинги ўринларда «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ деб аталади) ташкил этиш кўзда тутилган. 
ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати, кейинчалик уни узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади. Фаолият кўрсатиш муддати мобайнида «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ ҳудудларида алоҳида солиқ, божхона ва валюта режими амал қилади. 
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АК, «Ўзавтойўл» ДАК ҳамда республика ва ҳудудий даражадаги муҳандислик-коммуникация хизматлари кўрсатувчилар эркин иқтисодий зоналарнинг қатнашчилари – хўжалик юритувчи субъектларнинг коммуникацияларга, уларни ишлаб чиқариш майдончаларига ўз вақтида туташтирган ҳолда, кафолатли уланишини таъминлайдилар. 
Ташқи бозорларда талаб катта бўлган ва импортнинг ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш; 
Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятларидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш; 
мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, гилам тўқиш, пойабзал ва чарм-галантерея, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш; 
маҳаллий хомашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда эркин иқтисодий зоналар корхоналари ўртасида ва умуман республикада саноат кооперациясини ривожлантириш асосида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш; 

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этиш ва уларнинг қарорлари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўриш  «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди. 
 

Биз Twitterда