«Шижоатли Гужарот-2017»: Ҳиндистон дунёни ўзига чорламоқда!

Article

Эртадан бошлаб «Шижоатли Гужарот-2017» (Vibrant Gujarat) халқаро инвестицион форуми ўз ишини бошлайди. Ҳиндистон иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи ушбу тадбир 9-13 январь кунлари ўтказилади. Форум доирасида Global Trade Show халқаро кўргазмаси ҳам ўз ишини олиб боради. Кўргазма ва форумда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакати вакиллари қатнашадилар. Мамлакат шимоли-ғарбида жойлашган Гужарот штатининг пойтахти бўлмиш Гандинагар шаҳри шу бир ҳафта давомида бутун дунё саноати ва илм аҳлининг илғор вакиллари ҳамда йирик тадбиркорлари, сиёсат, бизнес арбобларини қабул қилади. Бу ҳақда rssp.ru хабар қилади.

“Шижоатли Гужарот” халқаро инвестицион форумига 2003 йилда асос солинган бўлиб, шундан бери икки йилда бир маротаба ўтказилади. Унинг асосий мақсади штат иқтисодиётига инвестициялар жалб этиш, илғор тажрибалар ва инновацион технологияларни қўллаш орқали ҳудудий саноатни янада тараққий топтиришдан иборатдир. Шу орқали ҳудуд илмий-техник базасини ривожлантиришга эришиш кўзланган.

Форум ташкилотчиси Гужарот штати ҳукумат ташкилоти - Саноатни ривожлантириш бюросидир. Япония ташқи савдо ташкилоти (JETRO), Австралия-Ҳиндистон ишбилармонлар Кенгаши (Australia-India Business Council), АҚШ-Ҳиндистон ишбилармонлар Кенгаши (USА-India Business Council), Ҳинд-Канада савдо палатаси (Indo-Canada Chamber of Commerce), Буюк Британия-Ҳиндистон ишбилармонлар Кенгаши (UK-India Business Council), Ҳинд саноати конфедерацияси (CII), Ҳиндистон савдо-саноат палаталари федерацияси (FICCI) кабилар Форумнинг ҳамкорлари ҳисобланишади.

Шунингдек Австралия, Канада, Франция, Япония, Нидерландия, Польша, Буюк Британия, АҚШ, Дания, БАА мамлакатлари Форум ҳамкорлари саналишади

“Шижоатли Гужарот” форум майдонларида ташкил этиладиган халқаро савдо кўргазмасида (125000 кв. м. ҳудудни ўз ичига олади) иқтисодиётнинг 25 турли секторларидан бўлган 2000 га яқин компаниялар иштирок этиши, 2 миллиондан ортиқ кишининг кўргазма билан танишиш учун келиши кутилаётир.

Иштирокчилар аэрокосмик ва мудофаа саноати; қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати; биотехнология; кимё ва нефт кимёси саноати; машинасозлик; заргарлик саноати; соғлиқни сақлаш; инновацион технологиялар; ахборот технологиялари; фармацевтика; қайта тикланувчи энергия; кемасозлик; текстиль саноати; туризм ва бошқа саноат янгиликлари билан танишишлари, ўзаро шартномалар имзолашлари мумкин.

Аввалги, 2015 йилги форумда 8500 дан ортиқ делегатлар, шу жумладан 110 мамлакатдан 2500 хорижий иштирокчилар қатнашишганди. Ўшанда Форум ишини Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди очиб берганди.

Шунингдек, ўша йили Форумда БМТ бош котиби Пан Ги Мун, Македония бош вазири Н. Груевский, Бутан бош вазири Ц. Тобгай, Польша бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт вазири Я. Пехочиньский, АҚШ давлат котиби Д. Керри, Австралия савдо ва инвестициялар вазири - Э. Роб, Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Ё. Такаги, Буюк Британия савдо ва тараққиёт вазири И. Левингстон, Исроил қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш вазири Я. Шамир, йирик халқаро корпорацияларнинг (Suzuki Motors, Vodafone Group, E-On, Rio Tinto ва ҳ.к.) раҳбарлари каби нуфузли меҳмонлар иштирок этишганди.

Гужарот штати ҳинд штатлари орасида иқтисодий жиҳатдан ўта ривожланганлиги билан ажралиб туради. Ҳиндистон ЯИМда штатнинг улуши 7,14% ни ташкил этади. Гужарот Ҳиндистонда нефтни қайта ишлаш орқали маҳсулотлар ишлаб чиқариш, пахта етиштириш, олмосни қайта ишлаш, кемасозлик, автомобилсозлик ва мудофаа саноати бўйича юқори ўринларда туради. 2015 йилда штат иқтисодиётига тўғридан тўғри жалб этилган хорижий сармоялар миқдори 12,4 миллиард долларни ташкил этди. Штатнинг транспорт инфраструктураси ҳам ўта ривожланган. Штат ҳудудида 17 аэропорт, жумладан 1 халқаро ҳаво қўналғаси ишлаб турибди. Темир йўл тармоғи кенг тараққий топган. Денгиз соҳил бўйида 47 та порт ишлаб турибди. Кандла, Навлакхи, Магдалла, Пипавав ва бошқалар шулар жумласидандир.

Биз Twitterда