Нақд пул муаммоси ечими: Тошкентда йил охиригача мингта банкомат ўрнатилади!

Тошкент шаҳрида 2017 йил охирига қадар 1000 дона банкомат ўрнатилади. Бу ҳақда, Ўзбекистон Марказий банкининг Тошкент бўйича бош бошқармаси бошлиғи Мажид Тоҳировга асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Банкоматлар «аҳолини нақд пул билан таъминлаш мақсадида» ўрнатилади. «Унинг таъкидлашича, ҳар бир банкомат пул билан тўлдирилади», — деб ёзади «Газета.uz».
Мажид Тоҳировнинг қўшимча қилишича, ҳозирда тижорат банклари банкоматларни харид қилиш бўйича етказиб берувчилар билан музокаралар олиб бормоқда.
Марказий банк вакиллари томонидан 1000 та банкомат ҳақида биринчи марта баёнот берилаётгани йўқ. 2017 йил январида банкнинг пул муомаласи департаменти ходими Фахриддин Бобоев ҳам бу ҳақда фикр билдирган. Фақат у, Мажидовдан фарқли ўлароқ, 1000 та бутун Ўзбекистонга етказиб берилишини айтган эди.
Сўнгги пайтларда иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқароларда пул амалиётлари бўйича ўзгаришлар юз бериши ҳақидаги тасаввурларни пайдо қилаётганди. Агар банкоматлар Тошкентда оммавий равишда ўрнатила бошланса, "даҳана боши сувга тўлганидан сўнг", "сув ичиш" навбати вилоятларга ҳам албатта келади!

Биз Twitterда