Ботир Қодиров болалар сиҳатгоҳи ўрнида «Reyhan textile» номли янги фабрика очади

Article
Андижон вилояти, Бўз туманидаги собиқ Болалар сиҳатгоҳи биноси 2015 йилда “Элга хизмат” масъулияти чекланган жамиятига “ноль” қийматида берилганди. Амалдаги қонунчилик асосида 2016 йил декабрь ойида нураб бораётган ушбу бино изланувчан тадбиркор Ботиржон Қодировга берилди. Унинг раҳбарлигидаги “Сайёра фаввораси” МЧЖ томонидан таклиф этилган саноатни ривожлантиришга хизмат қилувчи фабрика лойиҳаси мутахассислар томонидан маъқулланди, деб ёзади "Андижоннома".
Айни кунларда “Аброр файз” қурилиш корхонаси ишчилари жадал иш олиб бормоқда. Фойдаланилмай турган 8 минг 600 кв. метр майдонда металконструкция усулида замонавий бино қад ростламоқда. Жуда қисқа вақтда қурилиш майдони тўла текисланди, дастлабки бетонлаш ишлари амалга оширилди. Маъмурият биноси қурилиши ва атрофни бетон деворлар билан ўраш ишлари ҳам қизғин. Бунинг учун МЧЖ томонидан 10 миллиард сўм маблағ сарфланмоқда.
Ўтган ҳафтада конструкция қурилиши бошланди. Бинонинг том қисми ва атрофи сендвич панели билан ўралади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ишнинг тезлигини ошириш билан бирга жаҳон тажрибасида синалган ишончли усул.
Ҳа, айни вақтда улкан қурилиш майдонига айланган бу жойда Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида замонавий фабрика ўз фаолиятини бошлайди. Швейцариянинг Ритр компанияси билан 10 миллион долларлик дастгоҳлар келтириш юзасидан шартнома имзоланган.
Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, 5.5 тонна пахта толасини қайта ишлаш имконияти яратилади. Ички бозордан ташқари йилига 12 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. Келгусида шу ернинг ўзида тайёр маҳсулотлар яратиш ҳам режалаштирилмоқда.

Биз Twitterда