2016 йилда Ўзбекистонга 16,6 млрд. доллар инвестиция жалб қилинди! 2017 йилда-чи?

Article
Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳит яратиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилаётгани ўз самарасини бермоқда. 2016 йилда  мамлакатимизда жалб қилинган инвестициялар ҳажми 9,6 фоиз ортиб, 16,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани, жумладан, ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 11,3 фоиз ўсиб, 3,7 миллиард доллардан ортгани бунга яққол мисолдир.
Таъкидлаш керакки, хорижий давлатлар, шунингдек, дунёга машҳур компаниялар ҳамда халқаро молия институтларининг молиявий кўмагида энергетика, машинасозлик, металлургия, кимё, енгил ва озиқ-овқат, нефть-кимё, қурилиш материаллари каби саноатимизнинг етакчи соҳаларида  кўплаб ана шундай лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Биргина 2016 йилда умумий қиймати 5,2 миллиард долларга тенг бўлган 164 та йирик инвестициявий лойиҳани амалга ошириш ишлари якунлангани сўзимиз тасдиғидир. Уларнинг аксарияти аҳоли зич ҳудудларда рўёбга чиқарилди. 
Кейинги йилларда янги соҳалар ўзлаштирилиши, йирик ишлаб чиқариш объектлари бунёд этилиши, қисқача айтганда, иқтисодиётимизнинг  инвестициявий жозибадорлиги ортишида эркин иқтисодий зоналар муҳим аҳамият касб этаяпти. Президентимизнинг шу йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги ислоҳотларни сифат жиҳатидан чуқурлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унга кўра, барпо этилаётган янги эркин иқтисодий зоналар олдига ҳудудлар ишлаб чиқариш ҳамда ресурс -салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб қилиш, йирик саноат корхоналари бунёд этиш, қўшимча иш ўринлари яратиш, пировардида аҳоли даромадларини ошириш каби улкан вазифалар қўйилди. Бу эса бошланган 2017 йилда юртимизга хорижлик ишбилармонлар томонидан киритилажак сармоялар миқдори янада ортишига мустаҳкам замин яратгани шубҳасиз.

Биз Twitterда