$10 минг эвазига Европага келган футболчи Хитойда Фалькао ва Диего Костанинг ўрнини эгаллади

Article
Хитойда трансфер ойнасининг сўнгги кунида Фабио Каннаваро раҳбарлигидаги “Тяньцзинь Цюаньцзянь” клуби ўз таркибини бразилиялик ҳужумчи Жуниор Мораес билан кучайтирди. Киевнинг “Динамо” жамоаси 29 ёшли ҳужумчини Хитой клубига 2016/17 йилги мавсум охиригача ижарага берди. Энди у янги жамоасида машҳур ватандошлари Алешандро Пато ва Луис Фабиано, шунингдек, бельгиялик Аксель Витселлар билан тўп суради.
Бу йилги мавсумда Мораес “Динамо” сафида 23 ўйинда иштирок этиб, 12 гол муаллифига айланганди. Февраль ойи бошида Украина футбол федерацияси тартиб-интизом қўмитаси уни беш ўйинга дисквалификация қилганди. Агар у киевликлар сафида қолганда ҳам март ойида майдонга тушиш имкониятидан маҳрум эди. Жуниор Мораеснинг “Динамо” билан тузган шартномаси 2018 йил ёзигача амал қилади.
Футболчининг Хитойга йўл олиши ҳақида жамоа бош мураббийи Сергей Ребров шундай фикр билдирди: “Бу Мораес учун яхшигина имконият, у ҳозирча ижара асосида тўп суради. Кейин унинг қайтиб келишига умид қиляпмиз. Унга ҳозир ўйин амалиёти керак. Дисквалификация туфайли у анча вақт майдонга туша олмасди. Хитой клуби таклифи жамоа ва футболчи учун ҳам жуда фойдали бўлди. Биз бундай қарорга унинг тақдирини ўйлаб келди. Мораес – юқори савияли футболчи, ҳар доим ўз устида ишлаган ва жамоа учун бор кучини фидо этган. Унинг меҳнатларига раҳмат айтиб қоламиз.
Футболчи ҳақида батафсил маълумот берадиган бўлсак, унинг тўлиқ исми Алоизио Шавес Рибейро Мораес Жуниор бўлиб, у 1987 йилнинг 15 апрелида Бразилиянинг Сантос шаҳрида туғилган. Унинг отаси «Фламенго» ва «Сантос» клубларида тўп сурган профессионал футболчи бўлган, онаси эса теннис билан шуғулланган. Катта акаси Бруно Мораес ҳам футболчидир
Футбол билан тўрт ёшидан бошлаб шуғулланиб келган Мораес, «Сантос» мактабига Робиньо билан бирга қатнаган. У 2006 йилда “Сантос” асосий таркибидан ўрин олади. Икки йил давомида 16 ўйинда 2 гол киритган футболчини 2008 йилда «Понте-Прета»га ижарага беришади. Кейинчалик «Санту-Андре» жамоасига ўтади.  Лекин унинг ватанидаги фаолияти у қадар муваффақиятли чиқмади, бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз.
2016 йилги мавсум якунига кўра, “Тяньцзинь Цюаньцзянь” Хитой биринчи лигаси ғолибига айланиб, Суперлигага йўл олди. Эртага старт оладиган мусобақаларга жиддий равишда тайёргарлик кўрмоқда. Жамоанинг Хитой қуйи лигасидаги муваффақиятларига яна бир бошқа бразилиялик - “Шахтёр”нинг собиқ ҳужумчиси Жадсон катта ҳисса қўшганди. У ўтган мавсумда рақиблар дарвозасини 6 бор ишғол этиб, 16 голга ассистентлик қилганди. Лекин бир ой бурун хавбек ватанига қайтиб кетди. Унинг ўрнини «Цюаньцзянь»да бошқа юлдузлар тўлдиришди. Қишки трансфер бозори даврида клуб 70 000 000 евродан ошиқ маблағ сарфлади. Мораес жамоага келмаслиги ҳам мумкин эди.
Лекин хитойликларнинг Калинич, Фалькао, Диего Коста ҳамда Обамеянг каби юлдузларни таркибга жалб қилиш борасидаги музокаралари муваффақиятсиз якунланганидан сўнг Фабио Каннаваро Киевнинг “Динамо” жамоаси ҳужумчиси варианти устида тўхташга қарор қилди.
2010 йилнинг бошида Руминиянинг «Глория» жамоаси Мораесни 10 минг доллар эвазига сотиб олади. Ўзига билдирилган ишончни тўла оқлаган Мораес 32 беллашувда 18 та голга муаллифлик қилиб, жамоа тўпурарига айланди. Руминиянинг 2010 йилдаги энг яхши легионери деб топилди. Шундан сўнг 2011 йилнинг февралида Донецкнинг «Металлург» жамоаси билан шартнома имзолади. Украинлар унинг учун 1 250 000 евро пул тўладилар. Маълум сабабларга кўра жамоа сафида ярим йилгина бўлиб, Софиянинг ЦСКА жамоаси ўтиб кетди ва 16 гол билан Болгария чемпионати тўпурари бўлди. Шундан сўнг яна Донецкка қайтиб, 2012 йил 18 июнида «Металлург» билан уч йиллик шартнома имзолади. Жамоада муваффақиятли тўп суриб шартномаси якунига етганидан сўнг, у 2015 йил 22 майда Киевнинг «Динамо» клуби билан уч йиллик шартномага қўл қўйди. Жамоадаги кучли рақобатга қарамасдан Мораес ўзини кўрсатишга муваффақ бўлди. Нафақат маҳаллий мухлислар, балки хорижлик селекционерлар назарига ҳам тушишга эришди.
Ундан хитойликларнинг умидлари катта, чунки бошланаётган чемпионатда айнан Мораес Пато билан ҳужум тандемини ташкил этиб, клуб ғалабаларига ҳисса қўшиши лозим. Мораес ҳамюртларимиздан биринчи бўлиб, Одил Аҳмедов кўришади. 15 апрель май куни 5-тур доирасида “Тяньцзинь Цюаньцзянь” ўз майдонида “Шанхай СИПГ”ни қабул қилади. 6 май куни эса 8-тур доирасида Анзур Исмоиловнинг “Чанчунь Ятай” клуби Фабио Каннаваро жамоаси меҳмони бўлади.
Анвар Икромов

Биз Twitterда