Асосий янгиликлар

Сўнгги янгиликлар

Бугунги кун ёшлари

Бугунги кун ёшлари

Султон Увайс Қароний қадамжоси реставрация жараёнида

Ҳудудлардаги мавжуд маданий меърос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказаётган ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгашининг ходимлари ва депутатлари, хокимлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Чортоқ туманидаги “Балиқли кўл” зиёратгоҳи ва унинг атрофидаги мақбаралар ҳамда булоқларни ўрганиб чиқдилар.
Объектнинг тавсифи ҳақида суруштирув ишлари олиб борган ишчи гуруҳимиз, вилоят ўлкани ўрганиш музейи илмий ходими, тарихчи экспедитор Латифа Аҳмадалиева томонидан жамланган ва илмий асосланган маълумотларга таянди.
 
 
- Ривоятларга ва айрим тарихий манбаларга кўра Ямандаги Қарон қишлоғида Муродий қабиласининг чорвадор оиласида туғилиб вояга етаётган Султон Увайс Қароний мусулмон аҳлининг пайғамбари саналмиш Муҳаммад(с.а.в)нинг замондошлари ва ғойибона содиқ дўсти бўлган, - дейди изланувчи олима.
Маҳаллий ривоятларга айтилишича, онаси билан ёлғиз яшовчи Султон Увайс кунларнинг бирида ажойиб туш кўради: унда Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) унга “Эй Увайс, сен энди онангни туяга миндириб, Турон сари йўл ол. Ўша ерда Бўспи тоғи бор, унинг ёнбағрларида туя боқиш билан машғул бўл”,-дейдилар.
 Эртаси куниёқ тушидаги амрга итоат этиб йўлга чиққан Қараний жуда кўп қийинчилиқлар билан кимсасиз саҳрога-гиёҳсиз ва томчи сувсиз масканга етиб келади. Йўл азобидан ҳориган онаси Биби Наима шу жойда – Бўспи тоғи этакларида вафот этади. Ҳатто жасадни ювиш учун сув тополмаган Увайс Аллоҳга “Сув бергин!” дея нола қилади. Унга жавобан “Ҳассангни ерга ур!”,- деган буйруқ келади. Увайс қўлидаги ҳассани ерга санчганида қизиб турган тупроқдан сув отилиб чиқади ва у шу сувда онасининг жасадини ювиб, булоқ тепасига дафн қилади. Онасини ёлғиз ташлаб кетмаслик учун ўзи ҳам бир умр шу ерда яшаб, фақирона ҳаёт кечиради, турли илмларни эгаллаб, авлиёлик даражотига эришади...
 Мазкур ривоят, ҳудуддаги мавжуд маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказаётган ишчи гуруҳимиз вилоят маданий меросини ўрганиш иш жараёнида танишган объект – Наманган вилояти Чортоқ тумани Балиқкўл қишлоғидаги “Балиқли кўл” зиёратгоҳида жойлашган XII-XIII асрларга тегишли бўлган ва турли даврларда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган мақбара ва у ерда ётган кароматгўй авлиё ҳақида эди.
 
 
“Балиқли кўл” зиёратгоҳи атрофида “Султон Увайс Қароний” мақбарасидан ташқари “Биби Наима она” мақбараси ва ҳафтанинг ҳар жума куни тонгда сут рангига кирувчи “Сутли булоқ”(“Сирли булоқ” деб ҳам юритилади) зиёратгоҳлари ҳам мавжуд. Умумий ер майдони 225 м.кв.ни ташкил этадиган мазкур зиёратгоҳда айни кунларда реставрация ишлари олиб борилмоқда.
 
 
2016 йилда мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти сайловчилари билан сайловолди тарғибот учрашувларида ҳам вилоятдаги маданий мерос объектлари қаторида “Султон Увайс Қароний”дек авлиёнинг мақбараси ва унга туташ масканнинг ободонлаштириш ишлари хусусида алоҳида тўхталиб ўтган эдилар. Айнан мана шу учрашувдан сўнг зиёратгоҳда ободонлаштириш ишлари жадаллашди ва бугунги кунда тўлиқ реставрация ишлари давом этмоқда.
ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгашининг ишчи гуруҳи ўрганишлари давом этади.
 
Дилноза АЗИЗОВА,
ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда