Асосий янгиликлар

Сўнгги янгиликлар

Бугунги кун ёшлари

Бугунги кун ёшлари

Наманган шаҳри маданий мерос объектлари ўрганилмоқда

 
Айни кунларда мамлакатимизда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан бир неча минг йиллик тарихдан дарак бергувчи маданий мерос объектларини тўлиқ инвентаризация қилиш ва уларни муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш юзасидан самарали ишлар амалга оширилмоқда.
ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ вилоятдаги рўйхатга олинган жами 282 маданий мерос объектларининг тааллуқлилик даври, мулк ва эгалик ҳуқуқи, эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари, ер участкасининг майдони ва ундан фойдаланиш ҳолати, шунингдек, муҳандислик-коммуникацияларининг мавжудлиги, объектнинг техник ҳолати, муҳофаза белгиси ҳамда объектда амалга оширилиши лозим бўлган асрашга доир ишларнинг кўламини ўрганмоқдалар.
Наманган шаҳар маданий мерос объектларини ўрганаётган ишчи гуруҳ аъзоси, ЎзМТДП Наманган шаҳар раиси Нозимахон Рўзиматованинг хабар беришича ҳудудда жами 38 та маданий мерос объектлари бўлиб, улардан диққатга сазовор масканлар 1 та, архитектура ёдгорликлари 30 та, архиологик ёдгорликлар 3 та, монументал ёдгорлик объектлари эса 4 тани ташкил қилади.
 
 
– Ҳар бир халқнинг ўз эътиқоди ва муқаддас қадамжо-зиёратгоҳлари мавжуд, – дейди Нозима Рўзиматова, – вилоятимизда, хусусан шаҳримизда ҳам халқ томонидан эъзозлаб келинаётган табаррук зиёратгоҳ масканлар бор. Булардан бири “Ўн бир Аҳмад” зиёратгоҳидир. Мазкур зиёратгоҳ шаҳримизнинг Ғирвонсой мавзесида жойлашган. Ҳозирги кунда реконструкция қилинган мазкур маскан зиёратчилар билан ҳамиша гавжум.
Ушбу зиёратгоҳ ҳақида турли ривоятлар бор. Баъзилар, мазкур зиёратгоҳ Ислом оламининг турли гўшаларида ва турли йилларда яшаб ўтган ўн бир Аҳмадлар номи билан аталувчи тасаввуф илмининг йирик намоёндалари бўлган шайхлар ҳурмати учун тикланган зиёратгоҳ дейишса, баъзилар фиқҳ ва тариқат аҳли вакили Ўн бир Аҳмад ҳазратларининг қабрлари дейишади. Айтишларича Ўн бир Аҳмад ҳазратларининг зоти шарифлари пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га бориб тақалар экан.
 
Шунингдек, Наманган шаҳар маданий мерос объектларини ўрганиш жараёнида қаровсиз қолдирилган объектлар ҳам аниқланди.
 
 
Шаҳарнинг Исфахон мавзеси, Марғилон кўчасида жойлашган Исфахон ота қабрлари буткул қаровсиз аҳволда. Баъзан маҳаллий аҳоли томонидан ободонлаштириб турилади. Биз бу зиёратгоҳ юзасидан чуқурроқ ўрганишлар олиб борамиз ва мавзуга қайтамиз...
 
 
ЎзМТДП Наманган шаҳар Кенгаши ишчи гуруҳи ўз ваколати доирасида тарихдан сўз очувчи манзилларни белгиланган тартибда ўрганишда давом этади.
Дилноза АЗИЗОВА,
ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда