Асосий янгиликлар

Сўнгги янгиликлар

Ҳамкорликнинг янги уфқлари: Тадбиркорлар Бизнес-Форумда, олимлар - олим, соғлиқни сақлаш раҳбари эса ҳамкасблари ҳузурида бўлди

Ҳоким Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Наманган вилоят делегациясининг Свердловск вилоятига ташрифи давом этмоқда. Сафарнинг биринчи куни тафсилотлари, 27 мартда икки ҳудуд раҳбарлари иштирокида ўтказилган музокара ва унинг якунида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича протокол имзолангани ҳақида хабар бергандик. Бу ташриф Россия оммавий ахборот воситалари ва телеканалларида кенг ёритилаётгани бизни хурсанд этмоқда.
Хайрулло Бозоров ва Евгений Куйвашевлар матбуотга чиқиш қилишганидан сўнг делегация аъзолари тўла таркибда Урал давлат иқтисодиёт университети биносида Наманган ва Свердловск вилоятлари корхона, ташкилотлари иштирокида ташкил этилган Бизнес-Форум очилиш маросимида иштирок этдилар.
 
 
Шундан сўнг делегация соҳалар бўйича тўртга ажралди. Тадбиркорлар кечки пайтга қадар ураллик ҳамкасблари билан Бизнес-Форумда ўзаро фикр алмашиб, ҳамкорлик битимларини тузишган бўлса, Ҳайрулло Бозоров вилоятдаги йирик ишлаб чиқариш заводи («Первоуральский Новотрубный завод») га ташриф буюриб, унинг салоҳияти билан танишди. Мутахассислар иштирокида ҳамкорлик масала муҳокама қилинди.
 
 
Наманган давлат университети ва Наманган муҳандислик технология институтлари ректорлари - Абдусалом Умаров ва Одилжон Маматкаримовлар эса Урал давлат педагогика университети ректори Алевтина Симонова билан учрашдилар. Учрашув чоғида олийгоҳлар ўртасида илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида келишувга эришилди.
Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов эса «Урал кардиология институти» ихтисослаштирилган тиббий ёрдам илмий-амалий марказига ташриф буюрди.  
«Свердловск вилояти кардиологияси илдамлик билан тарақққий топмоқда. Бугун биз наманганлик меҳмонларимизга янги ангиографик мосламаларимизни кўрсатдик. Бу борадаги катта ютуқларимизни  ҳамкасбларимиз билан ўртоқлашдик. Ўзаро ҳамкорлик қилиш, фикр алмашиш жуда муҳим аҳамиятга эгадир», –  деди Урал кардиология институти директори Ян Габинский.
 
 
«Бизнинг мутахассисларимизни бу ерга жўнатишни ҳозирданоқ истамоқдаман. Уларнинг иш ўрганиб, тажриба алмашишлари бизга жуда асқотади. Свердловск вилояти мутахассисларини ҳам Наманган таклиф этиб қоламан. Бирга ишлашимиз ҳар икки томон учун фойдали деб ўйлайман», – дейди Солижон Мўминов.
Наманган вилояти делегациясининг бугунги – сафарнинг учинчи кунидаги кун тартибидан харидорларга 500 минг хил турдаги маҳсулотларни таклиф этиб келаётган Россиянинг йирик савдо компанияси - “Сима-Ленд” МЧЖга ташриф, Россиянинг Биринчи Президенти Борис Ельцин номидаги Урал Федерал университети ҳамда Урал давлат иқтисодиёт университетидаги учрашувлар ўрин олган. Куннинг иккинчи ярмида ҳамюртларимизни мезбонлар  Челябинск вилоятига кузатиб қўядилар.
 Анвар Икрамов,
vodiymedia.uz ахборот-таҳлилий
портали бош муҳаррири 

Биз Twitterда