"Vakkoni" "Hugo Boss" билан ҳамкорликни кенгайтириш учун янги линияни ишга туширади

 
7 ноябрь куни вилоят ҳокимлигида Германиянинг таниқли “Hugo Boss” компанияси вакиллари билан бўлган учрашувда Наманганда ушбу марка остидаги костюмлар тикишга бошланиши аниқ бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
“Hugo Boss” компанияси ўзига вилоятдаги кўплаб текстил корхоналари орасидан ҳамкор сифатида танлаб олган “Люкс плюс сервис” масъулияти чекланган жамияти бу йўналишда ўз фаолиятини ривожлантириш учун янги ишлаб чиқариш линиясини ҳам ишга тушириши маълум бўлди.
“Vakkoni” маркаси остида ишлаб чиқараётган либослари билан кенг танилган “Люкс плюс сервис” МЧЖ томонидан ишга тушириладиган янги линия лойиҳасининг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Корхонанинг 5 миллион доллар ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган биринчи босқичнинг ўзида 800 та янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотлар “Hugo Boss” орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига, шунингдек Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинади. 
“Hugo Boss” компанияси вакили Семиҳ Демир вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда “Биз билан ҳамкорлик истагида бўлган вилоятнинг бир нечта текстил корхонаси ўз костюмлари намуналарини жўнатишди. “Hugo Boss” компанияси талабларига тўла мос келгани учун “Люкс плюс сервис” МЧЖ намуналари бизга маъқул бўлди” деб таъкидлади.

Биз Twitterда