«Uzbek Tigers»нинг фаолиятини тўхтатиш бу – Ватанга, миллатга хоинлик бўлади!

 
Шу кунларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилган катта қарор лойиҳаси тайёрланмоқда.
Ушбу қарор эълон қилинишидан олдин шахсан Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев топшириғига асосан Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроиловлар жамоатчилик фикрини ўрганишади. Шунингдек, мамлакат спортининг бугунги ҳолати энг пастки бўғиндан ўрганиб чиқилади.
Бундан кўзланган асосий мақсад, қарорни янада мукаммал кўринишга олиб келиш, халқ дардини билиш ва кейинчалик қарорнинг барча бандлари ишлаши учун замин яратишдан иборатдир. Ушбу қарорнинг эълон қилиниши, мамлакатимизда спорт тараққиёти, қолаверса Олимпия ҳаракатининг янада ривожланишида жуда катта туртки бўлади.”
Бу эълон билан 14 февраль куни ўтказилган йиғилишда баён қилинган қарорни эшитиб, донг қотиб қолдим. Ўзбекистон спортига келган янги раҳбарият бокс бўйича Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб келаётган «Uzbek Tigers» жамоаси фаолиятини тўхтатишга қарор қилибди.
Ё қудратингдан, Президент буларга жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилган қарорни мукаммал кўринишга олиб келишни, мамлакатимизда спорт тараққиёти, қолаверса Олимпия ҳаракатининг янада ривожланишида жуда катта туртки беришни таъминлаш топшириғини берибди-ю, булар бунинг тамомила зидди бўлган қарорга боришибди. Нимаймиш, жамоанинг халқаро мусобақалардаги иштироки фойда келтирмаётган ҳолда ортиқча харажат бўлаётгани айтилибди.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири этиб тайинланган Шоакрам Исроиловни танимайман. Тарихчи эканини очиқ манбалардан ўргандим. Лекин бунақа қарордан кейин бир фикрга келдимки, бу вазиримиз узоқ йиллар юртимиз спорти ривожига ҳисса қўшолмасдан тез орада ўрнини бошқага бўшатиб беради. Чунки «Uzbek Tigers»нинг фаолиятини тўхтатиш бу мамлакатимизда спорт тараққиётини секинлатиш, қолаверса Олимпия ҳаракатининг янада сусайишига олиб келади.
Спорт дегани албатта харажат дегани, нима сизга спорт мусобақаси фойда олиб келиши керакми? Ўзбекистонда қайси спорт тури бор давлат бюджетига фойда келтираётган? Спортчини мусобақада иштироки фойда кўзлаб ташкил этиладими? Давлатлар миллиардлаб пул сарфлайди Олимпиадада битта олтин медал олиш учун. Бошқа мамлакатларнинг спортчиларини ўзларига оғдиради миллионлаб доллар гонорар бериб. Биз нега энди Олимпиада медалларини шода-шода Ўзбек миллатининг бўйнига илиб қўяётган боксчиларимизга қилаётган арзимас харажатни писанд қиламиз!??
Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) бу – жаҳон чемпионати эмас, Олимпиада ҳам эмас. Лекин бу шундай ажойиб мусобақаки, барча энг кучли рақибларни ҳар йили ўрганиб борасиз. Оддий турнирларда Куба, Россия, Қозоғистон каби бокс ривожланган мамлакатларнинг асосий таркибларини кўролмайсиз. Лекин айнан Бутунжаҳон бокс серияси орқали келгуси Олимпиадагача барча рақибларингизнинг ҳар вазнда биринчи, иккинчи, учинчи ва ҳоказо номзодларини ўрганиб борасиз. Расмий мақомга эга, барча иштирокчилар рингга жиддий чиқадиган, боксни кенг оммалашишига туртки бўладиган, шу билан бир вақтда Олимпиада ўйинларига жиддий тайёргарлик вазифасини ўтаб берадиган турнир бу. Энди янги вазир биринчи кунда бизга бу керак эмас дейдиган бўлса, савол туғилади: Унда нима керак ўзи бизга?
Сиз вилоятларда ўтказилаётган «Uzbek Tigers»нинг учрашувларига борганмисиз, ёшлар ўртасида бокс қай даражада оммалашаётганидан хабарингиз борми, бу ҳолат ўз ўзидан бўляпти деб ўйлайсизми? Агар бошқа спорт турлари биргаликда Боксчиларимиз келтираётган зафарларнинг ўндан бирини келтира олганда эди, Ўзбекистон бугун дунё спортининг шоҳсупасида бўларди.
«Uzbek Tigers»нинг фаолиятини тўхтатиш бу – Ватанга, миллатга хоинлик бўлади! Чунки, Ўзбекистон деган ном учун рингда жонини бераётган бу йигитларга харажат бўляпти, шунинг учун йиғиштиринг бу мусобақани дейиш, уларда ҳиссиётни ўлдиради. Уларнинг ортидан эргашадиганлар камаяди. Ўзбекнинг номи ҳалқаро майдонларда камроқ янграшга бошлайди. Ўзбекистон байроғи камроқ дунё узра ҳилпирайди. Бундан ким манфаатдор?
Ўзи бугунги ҳолатда бокс шу даражага чиқдики, яна бироз давлат эътиборини қаратсак, Жаҳон чемпионатлари ҳамда Олимпиада ўйинлари Ўзбекистон ва бошқалар форматига ўтади, Ўзбек боксчисининг чемпион бўлгани эмас, бўлолмагани дунёда шов-шувга айланади.
Бир мақоламда ёзгандим: “Ўтган йилги Рио-2016 Олимпиадасини бир эсланг... Қачон шунчалик ватанпарварлик ҳисси кучайган Ўзбекистонда?! Миллатнинг 32 миллион вакили жипслашди боксчиларимиз ғалабалари туфайли. “Умримда бокс кўрмагандим, лекин телевизор қаршисида ўтириб, йигитларимизнинг ғалабасидан сўнг, беихтиёр кўзимдан севинч ёшлари чиқиб кетганини пайқамай қолибман” деган оналар, “кечаси финалда ғалаба қозонгандан кейин Ўзбекистон, Ўзбекистон деб ҳайқирган боксчимизга ҳавас қилиб, эртаси ўғлимни бокс мактабига етаклаб бордим” деган оталар, “Умримда ҳеч қачон йиғламагандим, олтин медал олган Фазлиддин ҳам йиғлади, ҳам йиғлатди” деган эр йигитлар...”
Харажатмиш, шундай қувончли кунларнинг яна такрорланиши учун мол эмас, жонни фидо қилса арзийди....
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда