Уйчилик Зебо Носирова – жаҳон чемпиони!!!

 
УЙЧИ / VodiyMedia / – 6-9 декабрь кунлари 15-17 ёшли ўсмирлар ва қизлар ўртасида белбоғли кураш бўйича Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Наманган вилояти Уйчи туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг тарбияланувчиси, 8-мактаб ўқувчиси Зебо Носирова фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, жаҳон чемпиони деган юксак номга сазовор бўлди.
 
 
Татаристоннинг Биектау шаҳрида ўтказилган ушбу жаҳон чемпионатида яна бир уйчилик спортчи қиз, Моҳигул Ибрагимова 3-ўринни эгаллаб, бронза медалини қўлга киритди.
 
 
Уйчи тумани ҳокими, туман Кенгаши депутати Муҳаммадаюбхўжа Апақов бугун жаҳон чемпиони – Зебо Носирова ҳамда Моҳигул Ибрагимова хонадонларига ташриф буюрди, деб хабар беради VodiyMedia  мухбири. Муҳаммадаюбхўжа Апақов спортчи қизлар ва уларнинг ота-оналарини ғалаба билан самимий муборакбод этиб, қимматбаҳо совғалар топширди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, туман халқ таълими бўлими, 1,8-мактаблар вакиллари ҳам ўз совғаларини тақдим қилишди.
Бугун 1-БЎСМда спортчиларни шарафлашга бағишланган маросим ҳам бўлди.
 
 
Ҳар икки спортчи ҳам иқтидорли мураббий Бахтиёр Турғунпўлатовнинг шогирдлари ҳисобланади. Мураббийнинг яна бир шогирди, спорт устаси Муроджон Ҳамидов ҳам октябрь ойида Россияда катталар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 3-ўринни банд этган эди.

Биз Twitterда