Уйчилик полвонлар жаҳон чемпионатида иштирок этишмоқда

 
Россиянинг Қозон шаҳрида кеча бошланган ёшлар ўртасида (18-20 ёш) белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпионатида Наманган вилоятининг Уйчи туманидан икки полвон – Муроджон Ҳамидов ва Абдуқаҳҳор Аҳмаджонов иштирок этмоқдалар. Йигитларимиз бугун гиламга чиқишади.
Уйчи саноат, транспорт ва алоқа коллежи коллежи талабаси, 1999 йилда туғилган Муроджон Ҳамидов 57 кг вазнда гиламга чиқса, Уйчи туман 2-БСМнинг ёш мураббийи, 1997 йилда туғилган Абдуқаҳҳор Аҳмаджонов 68 кг вазнда беллашувларда қатнашади. 35 мамлакатдан келган 400 га яқин спортчилар иштирокида Қозондаги "Ак Барс" спорт мажмуасида бўлаётган мусобақалар 28 декабрь куни ўз ниҳоясига етади.
4 карра Ўзбекистон чемпиони, спорт устаси Муроджон Ҳамидов 2014 йилда Россиянинг Тюлячи шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори бўлса, 3 карра Ўзбекистон чемпиони, спорт устаси Абдуқаҳҳор Аҳмаджонов 2013 ва 2014 йилги ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатларининг бронза медали соҳибидир.
 
Суратда: Муроджон Ҳамидов ва Абдуқаҳҳор Аҳмаджонов Қозон шаҳрида
 
Уйчи туманидаги 1-сонли Болалар спорт мактаби тарбияланувчилари бўлган Бу икки полвон, тажрибали ва малакали мураббий Бахтиёр Турғунпўлатов қўл остида шуғулланишади. Шогирдлари орасида қатор жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндорлари бўлган бу исътедодли мураббий, вилоятда ўзига хос кураш мактаби яратган устозлардан бири ҳисобланади.
Уйчи туманидаги 1-сонли БСМда 10 та спорт турида 1280 нафар ёшлар ва болалар машғулотларга жалб этилган, булардан 355 нафари қизлар эканлиги Уйчида спортнинг нақадар кенг қулоч ёзаётганини кўрсатади. 2017 йилда мактабнинг 102 ўқувчиси турли мусобақаларда совриндор бўлиб қайтишди.
Оқилхон Дадабоев

Биз Twitterда