Тошкентда халқаро Ислом ҳамжиҳатлиги конференцияси бўлиб ўтди

 
Жорий йилнинг 18 октябр куни Анжуманлар саройида «Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унда Россия, Туркия, Германия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжондан ташриф буюрган давлат ва жамоат арбоблари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Анжуман Қуръони Карим тиловати билан бошланди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мурожаати Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Озарбайжон Республикаси Президентининг мурожаати Озорбайжон Республикаси Диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича давлат қўмитаси раиси М.Гурбанли томонидан ўқиб эшиттирилди.
Кейинги сўз навбати, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхул ислом Оллоҳшукур Пошшозода нутқ сўзлади. У ўз нутқида Ўзбекистонга ташрифидан мамнун эканлигини билдириб, талабалик йилларида таълим олган масканлари ва устозлари, шу даврда орттирган дўстлари, яқинлари ҳақида гапириб, Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларини мустаҳкамлашда бор имкониятини ишга солишини таъкидлади.
Бундан ташқари, Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан юртимизда амалга оширилаётган турли ислоҳотлар, шунингдек, диний соҳага берилаётган эътибор, бу соҳада амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди.
Хусусан, Республикада очилган халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Давлат раҳбарининг БМТ Бош ассамблеясининг 72 саммитидаги барча таклифлари катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
Шундан сўнг, анжуманниг асосий қисмига ўтилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси У.Алимов «Тинчликни қадрлаш – олий фазилат» мавзусида нутқ сўзлади. У.Алимов ўз нутқида Ўзбекистон ва Озарбайжон дўстлиги кўп йиллик тарихга эга эканлиги, халқларимиз ўртасидаги маданий, маърифий ва дўстона алоқалар тарихи олис ўтмишга бориб тақалишини таъкидлади. Шунингдек, ушбу анжуманни ўтказиш борасида барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб берганлари учун муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жанобларига ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев жанобларига анжуман иштирокчилари номидан чуқур миннатдорчилик билдирди.
Анжуманда, шунингдек, Озарбайжон Республикаси Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси раиси Мубориз Гурбанли, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотида (Истанбул, Туркия) (ИРCИCА) Исломий тадқиқотлар, санъат ва маданиятни ўрганиш маркази бош директори Доктор Ҳалит Эҳрен, Озарбайжон Миллий Фанлар Академияси Президенти, академик Акиф Ализаде ва бошқалар ўз маърузалари билан иштирок этди.
 
 
Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлари мисолида дин ва эътиқод эркинлиги, динлараро мулоқот, диний ва миллий қадриятлар, диний экстремизм ва терроризм салбий оқибатлари, уларнинг жаҳон ҳамжамияти тинчлик ва барқарорлигига таҳдид ҳамда уларга қарши кураш асослари каби мавзулар юзасидан маъруза ва муҳокамалар бўлиб ўтди.
Халқаро конференция якунида «Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон-Озарбайжон мисолида» деб номланган Халқаро Конференция якунларига бағишланган расмий баённома ишлаб чиқилди.
 

Биз Twitterда