Шавкат Мирзиёев: Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, адолатсизликка чидай олмайди!

Article

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7 январда Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашди. 

Учрашувда Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, прокуратура органлари масъул ходимлари ва фахрийлари иштирок этди. 

– Сизларни 8 январь – Прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман, – деди Президентимиз йиғилганларни касб байрамлари билан қутлар экан.

Шавкат Мирзиёев соҳа фаолиятини таҳлил қилар экан, хусусан қуйидагиларни таъкидлади:
"Эришилган ютуқлар ўзимизники, унга маҳлиё бўлиб ўтириш бизга ярашмайди. Бугун сизлар билан олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида гаплашиб олмоғимиз лозим, деди давлатимиз раҳбари. Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, адолатсизликка чидай олмайди. Жамиятда адолат барқарор бўлишида прокуратура органларининг ўрни катта бўлмоғи керак. 
Прокуратура органлари ходимларининг иши катта масъулият, фидойилик, ҳалолликни талаб қилади. Қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида инсон тақдири туради. Шундай экан, етти ўлчаб бир кесиш бу борада асосий мезон бўлмоғи шарт. 
 Тадбиркор бой бўлса, давлат бой бўлади. Бунинг учун ишбилармонларга кенг шароит яратиб беришимиз лозим. Прокурор тадбиркорга кўмакчи бўлиши, у билан ҳамкорликда ишлаши даркор. 
Мустабид тузум даврида одамлар прокуратура органлари ходимларини фақат қораловчи, жазоловчи тизим вакиллари сифатида биларди. Биз ушбу соҳа фаолиятини халқаро талаблар даражасида қайта ташкил қилишда ижобий натижаларга эришмоқдамиз. Прокуратура органлари кундалик ҳаётимизда қонун устуворлигини таъминлаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши зарур. 
Ўтган йили ташкил қилинган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига фуқаролардан 311 минг мурожаат келиб тушди. Мурожаатлар орасида прокуратура соҳасига тегишлилари ҳам талайгина. Бу жуда ачинарли ҳолдир. Барчамиз ўзимизга бир савол берайлик: одамларда нима учун муаммолар бунчалик кўпайиб кетди, уларнинг дардини ким эшитади? Мурожаатларнинг аксарияти адолатсизликдан, уларни ҳеч ким эшитмаганидан бўлмоқда. Агар прокуратура органларининг эшиги аҳоли учун очиқ бўлганида, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига бу қадар кўп мурожаат тушмас эди."
"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мазкур соҳа ходимлари ҳам ғоят масъулиятли вазифаларни бажармоғи лозим бўлади. Биронта ҳам мурожаат эътибордан четда қолмаслиги керак", деди давлатимиз раҳбари ўз сўзи якунида. 

манба: uza.uz

 

Биз Twitterда