Саховатни гўзаллардан ўрганинг! Супермодель уйсиз отахонга бир миллион рубль совға қилди

Жаҳонга машҳур модель Ксения Дели краснодарлик уйсиз отахонга истиқоматгоҳ сотиб олиш учун бир миллион рубль эҳсон қилди. Бундай йирик бадалдан сўнг “Миша амаки учун уй” лойиҳаси фаоллари пул тўплаш кампанияси якунланганини эълон қилдилар. Ташкилотчилар лойиҳа давомида 1,765 миллион рубль тўплашганини маълум қилишди.
Бундай йирик саховатнинг сирини фаоллар апрель ойида Facebookдаги хайрия акцияси саҳифасида ошкор этишларини маълум қилишди. Ҳозир улар спортнинг ашаддий ишқибози бўлган отахонга уй ва унга керакли жиҳозлар сотиб олиш учун тайёргарлик кўришмоқда.
Ташкилотчилар маълумотларига кўра, 68 ёшли Михаил Гариян Кубанга 1989 йилда Бокудан келган. Ўшанда у ўз яқинларидан Тоғли Қорабоғ можаролари пайтида ажралиб қолиб, Краснодардан қўним топганди. Шаҳарда уни кўплар "Миша амаки" сифатида билишади. У мунтазам равишда баскетбол, футбол ва волейбол ўйинларига келиб, кубанлик спортчиларни қўллаб-қувватлайди, деб ёзади РИА.
 Миша амаки бозор ва бекатларда турли мева-чева сотиш орқали кун кечиради. Краснодарда у дўстларининг уйида яшаб келаётганди. Лекин уларнинг вафотидан сўнг турар-жойсиз қолди. Краснодарлик фаоллар Миша амакига уй олиб бериш учун ўтган йилнинг ноябридан "Миша амаки учун уй" акциясини ташкил этишди. Бу кампания давомида 800 минг рублга яқин пул тўпланганди.
Дунё соҳибжамолининг саховатпешалиги ҳамманикидан ўтиб тушди. У бира тўла катта сумма билан отахонни хурсанд қилди. Делининг бу ҳаракати ҳар қандай таҳсинга сазовор. Муҳтожларга ёрдам беришни кўплар ундан ўрганса бўлади.

Биз Twitterда