Наманган вилояти аҳолиси маҳаллий муаммоларига ечимни Сарвар Отамуродовдан олди

 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Сарвар Отамуродов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманган вилоятининг шаҳар, туманларида мазкур йўналишдаги ишлар билан танишиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга яқиндан кўмаклашмоқда.
“Миллий тикланиш” демократик партияси алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиб, уюшмаган ёшлар билан тизимли ишлашни йўлга қўйди. Партия етакчиси уюшмаган ёшлар билан мулоқот қилиш мақсадида Чуст туманидаги Ҳисорак маҳалла фуқаролар йиғинига борди. Мазкур маҳаллада бугунги кунда 4070 нафар фуқаро 655 хонадон ва 730 оилага бирлашган ҳолда истиқомат қилмоқда. Шу жумладан, 30 ёшгача бўлганлар 2113 нафарни, ёш оилалар сони 47 тани ташкил этади.
Сарвар Отамуродов маҳалла аҳлининг ижтимоий аҳволи билан ҳам яқиндан танишди. Уларни қийнаётган муаммо ва масалаларни ўрганди, нималар ташвишга солаётганлигига ҳам эътибор қаратди. Маълум бўлганидек, ҳозирда бу ҳуддуда тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш энг долзарб масалалардан бири экан. Шунингдек, жажжи болажонлар учун мактабгача таълим муассасасини барпо этиш ҳам ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим вазифалар сарасига киради. ЎзМТДП фракцияси раҳбари Сарвар Отамуродов ушбу икки масалани ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли мутасадди идоралар раҳбарларига алоҳида кўрсатма ва тавсияларини берди.
Шунингдек, ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси туман ҳудудидаги аҳолига хусусий спорт-соғломлаштириш ҳамда тиббий хизмат кўрсатувчи “Чуст тиббий диагностика маркази” ва велосипед ишлаб чиқарувчи “Чуст омад” МЧЖ иш фаолияти, у ерда ишчилар учун яратилган шарт-шароит, хизмат кўрсатиш сифати билан ҳам яқиндан танишди.
Сарвар Отамуродов ЎзМТДП Чуст тумани кенгаши томонидан ташкил этилган “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида уюшмаган ёшлар, яъни, аниқ машғулотга эга бўлмаган йигит-қизлар ҳамда ёш тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди. Уларнинг ҳар бирини ўйлантириб келаётган масала ва таклифларини тинглади.
Тумандаги Камарсада маҳалласида истиқомат қилувчи 30 ёшли ишбилармон Олимжон Мираҳмедов ўзининг қиймати 14,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган, собиқ пахта тозалаш корхонаси негизида ташкил этилиши мўлжалланган ип-калава ишлаб чиқариш мажмуаси лойиҳаси билан таништирди.
Қайд этиш жоиз, “Ўзбекпахтасаноат” акционерлик уюшмаси томонидан маъқулланган мазкур истиқболли лойиҳа молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланса, пахта толасидан йилига 5 минг тонна калава-ип ишлаб чиқариш имконияти юзага келади. Муҳими, бунинг натижасида 350 та янги иш ўрни яратилади. Партия етакчиси ёш тадбиркорни бу изланиши эътиборга лойиқ экани, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ЎзМТДП сайловолди Платформасида устувор вазифа сифатида белгиланганини қайд этди. Ушбу лойиҳа республика даражасида ҳал қилиниши, уни амалга оширишда парламент ва депутатлик сўрови юбориш орқали яқиндан кўмак беришини билдирди.
Пансада маҳалласида истиқомат қилувчи 19 ёшли Ҳилола Аюбова Чуст тумани тиббиёт коллежини 2015 йилда тамомлаган. Ҳамширалик мутахассислиги бўйича соғлиқни сақлаш муассасасига ишга кириш ниятида. Унинг мурожаати ўз жойида ижобий ҳал этилди. У Чуст тумани тиббиёт бирлашмасига ишга қабул қилинди.
Чуст шаҳридаги Деҳқонбод маҳалласида яшовчи Музаффар Розиқов 28 ёшда, айни пайтда ишсиз. Матбаачилик соҳасига иштиёқи баланд ва бу йўналишда озми-кўпми билим-кўникмаларга эга. У туман ҳудудида кенг ҳажмли чоп этиш ускунасини кредит ҳисобига харид қилиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ниятида. Замонавий ускунани харид қилиш учун банкнинг молиявий мададига эҳтиёжи борлигини айтди. Унга бу борада банк кредити олишда ЎзМТДП томонидан амалий ёрдам берилиши айтилди.
Дўстлик маҳалласидан Сардор Солиев ҳам тадбиркорликка иштиёқманд ёшлардан. У эшик ромларини ишлаб чиқариш цехини очиш бўйича банкдан 35 миллион сўмлик кредит олишга ёрдам сўради. Партия раҳбари бўлажак тадбиркорга ўз орзусини рўёбга чиқариш учун энг аввало бизнес-режа ишлаб чиқишни тавсия қилди ва унга бу борада партия томонидан яқиндан кўмак берилишини таъкидлади.
“Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари ва депутатлари ҳудудларда аҳолини ўйлантириб келаётган муаммо-масалаларни ўрганиш, уларга ечим топиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш борасидаги партиявий фаолиятларини янги босқичга олиб чиқмоқдалар. Бу борада қилинган ишлар етарли эмаслигини англаган ҳолда, жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтирмоқдалар. Зеро, халқ билан мулоқот қилиш ва инсон манфаатлари ҳимоя қилиш бугуннинг муҳим вазифасидир.
 
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси
Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби

Биз Twitterда