Депутат муаммони кўтариб чиқиши эмас, уни ечиши керак! Халқ вакилларини наманганлик Маъруф Мўминовдан ўрнак олишга чақирамиз!

 
Юртимизда бўлаётган жадал ислоҳотларни сўзма-сўз тушунаётган баъзи мутасаддилар-у депутатларни кўриб, аҳоли ўртасида бир-биридан қизиқ латифалар пайдо бўлиб улгурди. Бирини эшитинг: “Депутатлардан бири, шеригига дермиш: “Жойларга чиқиб, халқ билан мулоқот қилай дегандим, ҳеч ким ишдан бўшамайди, йиғилиш ўтказиб бўлмади...”
Куламиз-у, лекин аслида бу ҳақиқат. Уйма-уй юриб аҳоли билан бевосита мулоқот ўтказиш керак экан деб, маҳаллангизга келган депутатлардан нечтаси муаммонгизни ҳал қилиб берди? Нечтаси айтган ваъдасини бажариб, сизга ҳисоб берди? Ҳа, яшанг! Сабаби оддий: бизда кўпчилик депутатлар масалани нари борса кўтариб чиқишга ўрганишган. Тўғри, ичида муаммоларнинг ечим топиши учун энг юқори инстанцияларгача борганлари ҳам бўлади, бироқ объектив ва субъектив сабаблар билан ҳал бўлмай қолган масалалар ўша жойларда қолиб кетади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорларга кенг йўл очиб бериш сиёсати жуда катта қадам экани шубҳасиз. Балкида бундан ҳам нарига ўтиб, вилоятлар ҳамда туманлар бошқарувини бизнесда ўз қобилияти ҳамда салоҳиятини намойиш этиб улгурган тадбиркорларга бериш ҳам маъқул бўлар. Чунки муваффақиятли тадбиркор бу – биринчидан кучли раҳбар, иккинчидан реалликни баҳолаш истеъдоди юқори, қолаверса ваъдасини доимо бажаришга ўрганган шахс. Бизнесда ваъда бериб, бажармаган тадбиркорга ишонч бўлмайди....
Энди юқоридаги фикрларимизни бир-бирига боғловчи омилга ўтсак. Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати, ЎзЛиДеП аъзоси Маъруф Мўминов вилоятдаги энг йирик китоб савдо мажмуасининг раҳбари. Сиёсий майдонга кириб келишининг асосий сабаби, ўзи яшаётган шаҳар халқига фойдаси кўпроқ тегиши холос.
Ўзи депутат қилиб сайланган Наманган шаҳридаги 28-Яккатут сайлов округи ҳудуди яшовчи сайловчилар ҳолидан хабар олиш учун уйма-уй юриб, мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаган Мўминов, “депутат муаммони кўтариб чиқиши эмас, уни ечиши керак” принципини амалга тадбиқ этди.
Яккатут МФЙ ҳудудида яшовчи, I гурух ногирони 7 ёшли А.Турғуновнинг хонадонига ташриф чоғида боланинг отаси Н.Турғунов фарзандининг ногиронлар аравачасига муҳтожлигини айтиб қолди. Боланинг ҳаракатланиш имконияти йўқлиги сабаб руҳий тушкунлигини кўрган Маъруф Мўминов бу муаммони 1-2 кунда ҳал этишни ваъда берди. Расмий йўл билан бу муаммога ечим топиш молиявий йил якунида кўп вақт талаб этишини тўғри тушунган депутат, исмини ошкор этилишини истамаган дўстлари билан бирга, ногиронлар аравачасини кўчадан харид қилиб, болакайга топширди. 9 декабрь куни уйларида депутатга дардини айтган ота, 11 декабрь куни боласини қувончидан кўз ёшларини тийолмади.
 
 
Муаммога депутат орқали ечим топган оиланинг давлатга, ҳукуматга бўлган ишончи ва ҳурмати янада ошганини ҳис этган Мўминов, айни йўл билан – дўстлари кўмаги орқали Яаккатут МФЙ Наманган кўчасида яшовчи Бурҳанова Робияга, Жамбул кўчасида истиқомат қилувчи Муҳамадюсуф Маҳмудхоновга, Уйчи тумани Обод МФЙ Мустақиллик кўчаси 1-уйда яшовчи Шозодбаев Орифжон Одил ўғлига ҳам ногиронлар аравачалари тақдим этди...
 
 
"Бўларканку!" дейишдан бошқа сўз келдими хаёлингизга..?!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда