Хитой ва Тайвань компаниялари Наманганга инвестиция киритади

  Фото муаллифи: Ҳотам Мамадалиев 

НАМАНГАН / VodiyMedia / – Наманган вилоят ҳокимлигида Хитойнинг Zhongue Wanda компанияси раҳбари Фенжу Жианг ва Тайваннинг «Kai Shing Trading Co. Ltd» компанияси раҳбари Тэн Сюэкай билан учрашув бўлиб ўтди. Хорижлик инвесторларга Малайзия халқаро савдо ассоциацияси (SMITA) катта маслаҳатчиси Томас Су ҳамкорлик қилди.
Меҳмонлар Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровга ва вилоят мутасадди ташкилотлари раҳбарларига ўз инвест лойиҳаларини тақдим этишди.
Zhongue Wanda компанияси Наманган шаҳрида ўз ичига меҳмонхона комплекси, бизнес-апартаментлар, 20 этажли офис биносини олган ақлли экошаҳар қуриш лойиҳасини намойиш этди. Умумий қиймати 70 миллион доллар бўлган бу лойиҳа, 20 гектар майдонда барпо этилиши кўзда тутилган. Лойиҳани амалга ошириш муддати 3 йил экани қайд этилди.
Тайваннинг «Kai Shing Trading Co. Ltd» компанияси, катта майдонда ўз ичига товуқ боқиш, унинг гўштини қайта ишлаш ва товуқ эссенцияси ишлаб чиқаришни олган паррандачилик кластери лойиҳасини тақдим этди. 40 миллион доллар билан 4 йил давомида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа якунида йиллик 20 миллион товуқ етиштириб, унинг гўшти қайта ишланиши кўзда тутилган.
Ҳар икки лойиҳа вилоят ҳокимлиги томонидан ижобий қабул қилинди. «Kai Shing Trading Co. Ltd» билан ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Zhongue Wanda компаниясига ҳам қурилиш учун майдонлар кўрсатилди. Яқин кунларда ҳар икки компания билан инвестицион шартнома имзолашга келиши олинди.

Биз Twitterда