Атамбаев, хайр! Сооронбай Жээнбеков – Қирғизистоннинг янги президенти!

 
15 октябрда бўлиб ўтган Қирғизистон Республикаси президенти сайлови натижалари маълум бўлди.
Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раҳбари Нуржан Шайлдабекованинг маълум қилишича, бюллетенларнинг 97 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан кейин мамлакат собиқ бош вазири, сайловда Қирғизистон социал-демократик партияси вакили сифатида иштирок этган номзод Сооронбай Жээнбеков 55 фоиз овозни қўлга киритгани аниқ бўлган, бу унинг ғалабасини таъминлади.
58 ёшли Сооронбай Жээнбеков Ўш вилоятининг Қора-қулжа туманида таваллуд топган. 1976 йилда мактабда рус тили ўқитувчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган.
1993-1996 йилларда жамоа хўжалиги раиси бўлиб ишлаган Жээнбеков 1995 йили Қирғизистон Республикаси Жоқоргу Кенгеши (Парламенти) депутати этиб сайланган ва шу даврдан сиёсат майдонига кириб келган. У кейинчалик яна икки чақириқ депутат сифатида фаолият олиб борган, 2007 йили қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган. Кейин 3 йил давлат хизматидан четда, хусусий бизнес билан машғул бўлган. 2010 йилдан 2012 йилгача Ўш вилоятига раҳбарлик қилган. 2012-2015 йилларда ҳукуматнинг Ўш вилояти бўйича ваколатли вакили бўлган. Сўнгра қисқа даврларда Давлат кадрлар хизматининг раҳбари, президент аппарати раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2016 йилнинг апрелидан ҳозирга қадар Қирғизистоннинг бош вазири эди...
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сооронбай Жээнбековни Қирғизистон Республикаси президенти лавозимига сайлангани билан табриклаб, мактуб йўллади. Унда хусусан, шундай дейилади: “Сизнинг ғалабангиз чуқур тузилмавий ислоҳотлар ва мамлакатдаги ўзгаришлар, аҳоли фаровонлигини янада ошириш, жамиятда тинчлик, барқарорлик ва тотувликни таъминлаш, шунингдек, халқаро майдонда мамлакат нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган режа ва дастурларингизнинг қардош Қирғизистон халқи томонидан кенг қўллаб-қувватланишидан далолат беради”.

Биз Twitterда