Ардоқдаги истеъдод: Зайнаб Ханларова -Ўзбекистон халқ артисти

Зайнаб Ханларова қўшиқлари ҳар бир ўзбек хонадонида жаранглаган десак муболаға бўлмайди. Чунки ўтган асрнинг иккинчи ярмида санъат оламига кириб келган озарбайжонлик ёрқин истеъдод эгаси ўзининг бетакрор овози билан миллионлаб қалбларни забт этган. Ушбу юксак иқтидор эгаси ҳамон ардоқда. Бир неча ҳафтадан бери унинг 80 йиллик юбилейи бутун Озарбайжонда кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистон, Озарбайжон ва СССР халқ артисти унвонларига лойиқ кўрилган Зайнаб Ханларова туфайли озар мусиқаси довруғи бутун дунёга ёйилди.  Эстрада жанрининг ривожига ўзининг катта ҳиссасини қўшди. Зайнаб Ханларова ўзбек, рус, украин, молдаван, грузин, форс, араб, хитой, ҳинд, турк ва бошқа тилларда қўшиқ айтиб, шу халқлар муҳаббатини қозонди. Ўзининг 50 йиллик ижодий фаолияти давомида жаҳоннинг 50 дан ортиқ мамлакатларида концерт берди.
Зайнаб Яхъё қизи Ханларова 1936 йилнинг 28 декабрида Боку шаҳрида таваллуд топган. 1956 йилда Боку педагогика мактабини,  1961 йилда Асаф Зейналли номидаги Боку мусиқа мактабини тамомлаган. Шу йилдан эътиборан Озарбайжон опера ва балет театри солисти сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган. 
Зейнаб Ханларова -  Озарбайжон, Ўзбекистон ва СССР халқ артисти. Озарбайжон Давлат мукофоти лауреати (1985).  “Халқлар дўстлиги”, “Ҳурмат белгиси”, "Шохрат" (1998), "Истиглал" (2006) орденлари билан тақдирланган.
Таваллуд куни арафасида, 2016 йил 26 декабр куни  Озарбайжон президенти Илҳом Алиев уни  "Гейдар Алиев" ордени билан тақдирлади.
Биз ҳам уни  миллионлаб ўзбекистонлик мухлислари номидан табриклаб қоламиз. 
 

Биз Twitterда