Аҳолининг моддий фаровонлигини оширишга қаратилган ижтимоий сиёсат устувор вазифамиз!

Article
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот
2017 йил 14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. 
Мажлис ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари, ҳукумат аъзолари, хўжалик бирлашмалари, жамоатчилик ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари қатнашдилар. Биринчи бор вилоят, шаҳар ва туманлар марказларида ташкил этилган студиялар билан видеоконференция алоқаси орқали ҳукумат мажлисида маҳаллий ҳокимият, вазирлик, идоралар ҳудудий бўлинмалари, корхоналарнинг раҳбар ходимлари ва тадбиркорлар иштирок этдилар. 
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилди. 
Маърузада Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов бошчилигида ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели”ни ва мамлакатни ўрта муддатли истиқболда янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва модернизация қилиш Дастурини изчил амалга оширишни давом эттириш 2016 йилда иқтисодий ўсишнинг барқарор ва юқори суръатларини сақлаб қолишни ва макроиқтисодий мувозанатни, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифати ошишини таъминлаганлиги қайд этиб ўтилди. 

Вазирлар Маҳкамаси мажлиси кун тартибига киритилган муҳим масалаларни муҳокама қилиш давомида 2016 йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулот 7,8 фоизга ўсганлиги қайд этиб ўтилди. Саноат маҳсулоти ҳажмлари – 6,6 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари – 12,5 фоизга, чакана савдо айланмаси – 14,4 фоизга, хизматлар – 12,5 фоизга ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси таъминланди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади ва 5,7 фоизни ташкил этди. 
Иқтисодиётга 16,6 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёки 2015 йилга нисбатан 9,6 фоизга кўп инвестициялар йўналтирилди. Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 11,3 фоизга ўсди ва 3,7 миллиард доллардан ошиб кетди. Умумий қиймати 5,2 миллиард доллар бўлган 164 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш якунланди. Шу жумладан, “ЖМ Ўзбекистон” акциядорлик жамиятида “Т-250” моделдаги енгил автомобилларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди, Жиззах вилоятида цемент заводи кенгайтирилди, Толимаржон иссиқлик энергия станциясида қуввати 900 МВт бўлган буғ-газ қурилмалари ҳамда Ангрен иссиқлик энергия станциясида қуввати 150 МВт бўлган юқори кулли кўмирни ёқувчи энергия блоки ишга туширилди. 
Фарғона водийси вилоятларини мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган, Қамчиқ тоғли довони орқали ўтувчи 19 километрлик ноёб туннелга эга бўлган электрлаштирилган янги Ангрен – Поп темир йўл линияси қурилди. Тошкент – Бухоро маршрути ва қарама-қарши йўналиш бўйича юқори тезланишли “Афросиёб” йўловчи ташувчи электропоездлар ҳаракати ташкил этилди. 

Қишлоқ хўжалигини модернизация ва диверсификациялаш бўйича амалга оширилаётган дастурий чора-тадбирлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажмларини 6,6 фоизга, жумладан, мева-сабзавот – 11,2 фоизга, картошка – 9,7 фоизга, сабзавот маҳсулотлари етиштириш 10,4 фоизга ўсишини таъминлади. 
Хусусий мулк ва тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб- қувватлаш ва ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши 2016 йилда 32 мингтага яқин ёки 2015 йилга нисбатан 18 фоизга кўп кичик бизнес субъектлари ташкил қилинишига туртки бўлди. Кичик бизнеснинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги ҳиссаси 56,9 фоизгача, саноатда эса 45 фоизгача ошди. 
Ижобий таркибий ўзгартиришлар ва иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари туфайли аҳолининг реал даромадлари 11 фоизга ошди. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 15 фоизга, пенсия ва ижтимоий нафақалар – 12,1 фоизга, аҳоли жон бошига реал даромадлар – 11 фоизга ўсди, 726 минг нафарга яқин аҳолининг, шу жумладан, 438,5 минг коллеж битирувчисининг бандлиги таъминланди. 
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида она ва боланинг саломатлигини муҳофаза қилишни кучайтириш, соғлом ва ҳар томонлама ривожланган авлодни шакллантириш бўйича кенг чора-тадбирлар комплекси амалга оширилиб, уларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 8 триллион сўм ва 212 миллион доллар маблағ йўналтирилди. 
Мамлакат Президенти ўз маърузасида мавжуд ҳал бўлмаган муаммолар ва тўлиқ ишлатилмаган захираларни батафсил ва ҳар томонлама муҳокама қилган ҳолда 2017 йилдаги республиканинг иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим стратегик вазифалари ва устувор йўналишлари бўйича таклиф киритди. Устувор вазифалар қаторида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш доирасида аҳоли билан доимий ва очиқ мулоқотни ривожлантиришга, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини, унинг моддий фаровонлигини оширишга қаратилган ижтимоий сиёсатни фаол давом эттириш масалалари марказий ўринни эгаллади. 
Ҳукумат, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари олдига тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришдаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, фаол инвестиция сиёсатини давом эттириш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш, ҳудудларни комплекс ва интенсив равишда ривожлантириш, тадбиркорликнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, иқтисодиётни бошқаришдаги давлат ролини босқичма-босқич камайтириш ва унинг органлари ишини тубдан такомиллаштиришга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. 

Шаҳар ва қишлоқ жойларида аҳоли турмуш шароитини яхшилашни таъминловчи арзон уй-жойларни қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизация қилиш борасида қабул қилинган янги мақсадли дастурларни амалга ошириш бўйича муҳим вазифа ва чоралар белгиланди. 
Мажлисда кун тартибини муҳокама қилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, қатор вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ҳисоботлари эшитилди. 
Йўл қўйилган хатолар ва камчиликлар, ташаббуссизлик учун айрим раҳбарлар уларни бартараф этиш ҳамда республика иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларни янада жадал ривожлантириш бўйича ўз зиммасига юклатилган вазифаларни самарали ижросини таъминлашда шахсан жавобгар эканликлари ҳақида огоҳлантирилдилар. 
Ўтказилган мажлис якунлари бўйича мамлакат Президенти томонидан ҳукумат, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар раҳбарлари олдига қуйидаги аниқ устувор вазифалар ва талаблар қўйилди: 
биринчи – 2017 йилги иқтисодий ва ижтимоий дастурнинг ўн битта энг муҳим устувор вазифаларини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш; 
иккинчи – иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва республика ҳудудларида ишларнинг ҳолатини тизимли танқидий таҳлил қилиш ва шу асосда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ҳамда устувор вазифаларига тегишли тузатишлар киритиш; 
учинчи – якуний иш натижалари, қаттиқ интизомга риоя қилиш ҳамда тобора ортиб бораётган замонавий талабларга мувофиқ бошқарув тизими самарадорлигини кучайтириш борасида раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини ошириш. 
Муҳокама якунлари бўйича республика ҳукумати қарори қабул қилиниб, 2017 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди. 
ЎзА

Биз Twitterда